Пойтахтимизда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида илк бора “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Қувноқлар ва зукколар ассоциацияси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кўрик-танловда республикамизнинг 10 мингдан ортиқ мактабларидан жами 183 минг 324 нафар ўқувчи иштирок этди.
Кўрик-танлов 4 босқичда ташкил этилди. Унда иштирокчилар мактаб, туман, ҳудудий босқичларда фестиваль тарзда ташкил этилган танловлардан ўтиб, финалга қадар етиб келди. 4 та жамоа, 170 нафар ўқувчи “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бу ўқувчиларнинг нафақат финалда қатнашишлари, балки, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига ҳам катта эътибор қаратилди.
Хусусан, улар учун Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида ўқувчи-ёшлар Янги Ўзбекистон ҳамда Ғалаба боғларига ташриф буюриб, Ватанимиз тарихи ва бугунги кунига доир обидаларни томоша қилди.
Кўрик-танловнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоаларга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Жумладан, агентлик томонидан учинчи ўринни эгаллаган Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси 20 миллион сўм, 2-ўринни эгаллаган Жиззах вилояти жамоаси 30 миллион сўм ва мусобақа ғолиблигини қўлга киритган Навоий вилояти жамоаси 50 миллион сўм ҳамда “Қувноқлар ва зукколар кубоги” билан тақдирланди.
Шунингдек, кўрик-танлов иштирокчилари “Мавсум кашфиёти”, “Энг қувноқ қиз”, “Энг қувноқ йигит” номинациялари бўйича тақдирланди.
Гулноза Бобоева, Даврон Эрназаров(сурат), ЎзА