Тошкент шаҳрида 2023 йил 24-25 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қирқ еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун маъқулланди.

Бундан ташқари, тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш, давлат мулкини хусусийлаштиришга оид қонунлар тасдиқланди.

Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Конституциявий судга оид қонунга, адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ҳамда ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини мувофиқлаштиришга қаратилган қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонунлар маъқулланди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маҳкумларни топшириш, ушлаб бериш билан боғлиқ Шартномаларни ратификация қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунларга тўлиқ овоз берди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Президент томонидан Олий суд судьяси Жаҳонгир Жўраев бошқа ишга ўтгани сабабли уни Олий суд судьяси лавозимидан озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Мазкур масала бир овоздан маъқулланди.

Шу билан Сенат ялпи мажлиси якунланди.

Н.Абдураимова, ЎзА