Бугунги кунда телекўрсатувлар, концерт-томоша ва кинофильмлар намойиши давомида бир нечта реклама блоклари жойлаштирилиши кескин муҳокамаларга ва кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Жорий йилнинг июль-август ойларида 8 та телеканалдан реклама учун ажратилган эфир вақтининг кунлик ҳажмига 15 фоиз нисбатан қўйилган талабларга риоя қилинмаган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда “Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида бугунги кунда теледастурларнинг реклама қисмлари (блоклари) товушининг теледастурларга нисбатан меъёрдан баландроқ берилиши ҳолатлари кузатилаётгани ва бу телетомошабинларнинг эътирозига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Реклама қонунчилигида рекламанинг товушига нисбатан қатъий меъёрлар белгиланган бўлсада, айрим телеканаллар томонидан реклама блокларида жойлаштирилган рекламанинг товуши теледастур ва телекўрсатув товушига нисбатан баландроқ қилиб берилмоқда.
Қўмита аъзолари айрим телеканаллар (“ЗЎР ТВ”, “Менинг Юртим”, “ФТВ”) томонидан жойлаштирилган рекламанинг товуши бошқа теледастурларга нисбатан ошиб кетгани кузатилганини айтиб, бу борада қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқдилар.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъуллари ушбу саволга жавоб берар экан, рекламани товушига нисбатан белгиланган меъёрлар (чекловлар)га риоя этмаган телеканалларга нисбатан огоҳлантириш хатлари юборилганини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда реклама қилиниши тақиқланган ёки алоҳида тартиби мавжуд реклама ахбороти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа препаратларга оид товарлар рекламасининг қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 809 та, халқ табобати товарлари рекламасининг қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 29 та, энергетик ичимликларнинг рекламасининг қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўтказилган ўрганишларда 133 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан огоҳлантиришлар берилган.

Ваколатли давлат органи ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланмаган ҳолда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича расмий огоҳлантиришлар бериш билан чекланган. Бунинг натижасида қонун бузилиши ҳолатлари такрорланаётгани танқид қилинди.

Муҳокамаларда соҳадаги қатор масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

М. Комилова, ЎзА