Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати даражасидаги масала ҳисобланади. Бу борада эса тадбиркорлик, хусусан оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун билан оилавий тадбиркорликка янги имконият берилмоқда.

Қонунда оилавий тадбиркорлик субъектларига меҳнат шартномасини тузган ҳолда беш нафаргача доимий ходимни ёллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, бир оилавий корхона иштирокчисига бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиш ҳуқуқини бериш ҳам қонунда кўзда тутилган.

Бундан асосий мақсад – маҳаллаларда ишсиз юрган фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларга енгилликлар яратишдир.

Ушбу масала юзасидан муносабат билдирган Сенат раиси Т.Норбоева оилавий тадбиркорлик Президентимиз ташаббуси асосида доимий қўллаб-қувватланаётганини қайд этди. Халқимизнинг меҳнаткашлиги, интилиши ҳисобга олиниб, оилавий тадбиркорлик доираси кенгайтирилмоқда. Бу билан минглаб оилавий тадбиркорлик йўналишида фаолият юритаётган аҳолига қулайлик яратилади.

Бундан ташқари, қонун билан Божхона кодексига давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган махсус спорт кийим-бошлари, пойабзал, спорт анжомлари ва жиҳозлари ҳамда ускуналарининг эллик фоизи учун божхона божини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгартиришлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантиришга ҳамда спортчиларни профессионал даражада тайёрлашга катта имконият яратади.

Шу билан бирга, Шаҳарсозлик кодексига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг шаҳарсозлик фаолияти объектларини қуриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатлари бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу архитектура ва қурилиш соҳасидаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этишга, оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, спорт-таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини яхшилашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА