Ўзбекисон Республикаси Президенти “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор  қабул қилди.

Унга мувофиқ, тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назоратни кучайтириш ва манзилли скрининг текширувлари жорий этиш тизими йўлга қўйилади.

Эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, болалар ва ўсмирлар, ҳомиладорлар орасида аллергик ва иммунологик касалликларнинг ривожланиш сабабларини эрта аниқлаш ва уларни профилактика қилиш;

жойларда аллергик касалликларни юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини кенгайтириш ҳамда молекуляр ташхислаш усулларини жорий этиш;

соҳа мутахассисларининг аллергология ва клиник иммунология йўналишида билимларини ошириш ва кўникмаларини ривожлантириш тизими яратилади.

Аллергик ва иммунологии касалликларни эрта аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб аллергик ва иммунологии касалликларга чалинган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2024 йилдан бошлаб аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувларини ўтказади. Аниқланган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликлари мавжуд беморлар аллергологлар томонидан тизимли кузатувга олинади ва улар билан индивидуал соғломлаштириш ишлари олиб борилади.

Ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турлари босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширилади.

2024 йил 1 январдан Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази 140 ўрин фондидан иборат бўлган Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилинади.

Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам  ушбу Марказ томонидан кўрсатилади.

                                                                                                                  ЎзА