Бугун пойтахтимизда навбатдаги йирик тадбир – “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари ва имконияти чекланган шахслар иштирокини кенгайтириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, БМТ агентликлари, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.

Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги (БРМ) доирасида ташкил этилган нуфузли йиғилиш Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролар ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кенгайтириш тўғрисида”ги резолюция лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Сессияларнинг асосий қисмида, шунингдек, юртимизни 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни бажаришда фуқаролик жамияти институтлари ва имконияти чекланган шахсларнинг иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар тажрибаси, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган қатор долзарб вазифалар белгилаб олинди. Зеро, халқаро тажриба шуни кўрсатадики, давлат ва нодавлат ташкилотлар яқин ҳамкорлиги Глобал барқарор ривожланиш 2030 мақсадлари кун тартибига эришишда муваффақият гарови экани таъкидланди.

БРМ ойлиги якунларига кўра, Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик” II Халқаро глобал форуми ўтказилади.

– Ҳозир кунда мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда нафақат давлат, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўрни юқори. Бунда турли ташкилотлар, парламентимизнинг ҳаракатларини бирлаштириш мақсадга мувофиқ, – деди Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Нодир Сафаров. – Бутун жамият ушбу миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга сафарбар қилинса, яъни кучимиз шунга йўналтирилса, 2030 йилга қадар белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда муваффақиятга эришамиз.

Дарҳақиқат, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг беш йўналиши нафақат БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибига мос келади, балки Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш бўйича 16 та миллий мақсад ва вазифаларини ҳам тўлиқ қамраб олади.

Бежизга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасидаги Шавкат Мирзиёев билан учрашувида мамлакатни ислоҳ қилиш бўйича янги стратегияга киритилган мақсад ва вазифалар кўламдорлигини, улар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳанглигини қайд этмаган. БМТнинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжат – “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр экани таъкидланган.

Юқори даражада ўтган тадбир Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамланиши, шунингдек, БРМнинг бутун дунё учун долзарблиги ошаётган шароитда ўтказилаётгани алоҳида эътироф этилди.

– Бугунги муҳокама кун тартибида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда аниқ натижага эришишда муҳим ўрин тутадиган кенг кўламли мавзулар ўрин олган, – дейди Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа раҳбари Оле Доэтинчем. – БРМга эришишда ногиронлиги бўлган шахслар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда иштирокини ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганамиз. Бундан ташқари, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро тажрибани ҳам кўриб чиқяпмиз. 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга оширишда ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигига ҳам асосий эътибор қаратилади.

Дастурга мувофиқ, резолюция муҳокамасига бағишланган конференциянинг иккинчи қисми қизиқарли, долзарб мавзуларга қаратилган панел сессиялар шаклида ўтди.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбири