Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги нотариал фаолият соҳасидаги базавий ташкилотига аъзо нотариат тизимлар раҳбарлари, соҳа вакилларининг иккинчи кенгаши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Aшуров сўзга чиқиб, соҳа вакиллари ўртасида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Анжуманда ўтган йил амалга оширилган ишлар якуни сарҳисоб қилинади, келгуси йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланади.

Бугунги кунда МДҲга аъзо давлатлар Таянч ташкилоти орқали нотариал фаолият соҳасидаги ҳамкорлик соҳа вакиллари учун қатор қулайликлар яратади. Масалан, мамлакатлар ўртасида муайян ҳужжатлар бекор қилинган-қилинмаганини осон билиб олиш мумкин. Шунингдек, мерос иши билан боғлиқ ҳужжатларни электрон текшириш имкони яратилади.

Қайд этиш жоиз, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиши натижасида, нисбатан қисқа вақт ичида, нотариал соҳада улкан ишлар амалга оширилди. МДҲ давлатлари нотариуслари учун муҳим мавзуларда кўплаб учрашув, видеоконференция ва вебинарлар ташкил этилди. Нотариуслар ўзаро амалиёт ўташди. Aвтотранспорт воситалари, электрон апостил қўйиш, электрон ҳужжат айланиши билан боғлиқ битимлар соҳасида кўплаб муҳим ишлар амалга оширилди.

Таянч ташкилотнинг асосий вазифаси ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишдан иборат. Яқин келажакда МДҲ давлатлари ўртасида нотариус ҳужжатларини электрон алмашиш жорий қилиниши режалаштирилган.

ЎзА