Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп хонадонли уй-жой фондининг 2023-2024 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
–Мавсум олдидан кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, уларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, шу жумладан, уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш, уй-жойларни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш борасида қатор ишлар олиб борилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Азимжон Қурбонбоев. – Ҳозирги вақтда республикада жами 1 минг 576 та кўп хонадонли уй-жой бўлиб, шундан 1 минг 518 та уй-жойга бошқарув ташкилоти, 58 та уй-жойга 5 та уй-жой эгалари ширкатлари хизмат кўрсатиб келмоқда,
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп хонадонли уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кўп хонадонли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун республика бюджетидан 40,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 392 та кўп хонадонли уй-жойда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан 79 та уйнинг том қисмида, 547 та кириш йўлакларини таъмирлаш, 476 та темир эшик, 521 та рақамли қулфлар ўрнатиш, 178 та электр шитни таъмирлаш, 97 та уйнинг ички ва 109 та уйнинг ертўласидаги коммуникация тармоқлари, 155 та уйнинг фасад қисмида таъмирлаш ишлари якунланиб, бугунги кунда 109 та уйнинг ертўласидаги коммуникация тармоқларида ишлар давом этмоқда.
Бундан ташқари, республика ҳудудидаги кўп хонадонли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотларининг 121 миллион сўм мажбурий тўловлари ҳисобидан подъездларга 242 та энергия тежовчи сенсорли лампа ўрнатилди.
2023-2024 йиллар куз-қиш даврида истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “2018 – 2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида 895,6 миллион сўм ҳисобидан Тахиатош иссиқлик тармоқлари масъулияти чекланган жамиятига қарашли марказлашган тармоқлардан кўп хонадонли уй-жойларга тақсимловчи 1,5 километр тармоқда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Корхона ҳисобидан куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жорий йилда 1 та қозонхона ҳамда 0,263 километр иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш белгиланиб, бугунги кунда таъмир ишлари тўла якунланди. Қорақалпоғистон Республикасида жами 1576 та кўп хонадонли уйдан 441 та кўп хонадонли уй замонавий иссиқлик таъминоти билан таъминланган.
Бошқарувчи ташкилотларнинг тижорат банклари томонидан олинган кредит маблағларини қайтариш учун вазирликда ягона тизим яратилди. Шу асосда шаҳар ва туманлар кесимида жорий йилнинг январь-октябрь ойлари учун 5,4 миллиард сўмлик мажбурий тўловларни ундириш режалаштирилган бўлса, шундан 3,8 миллиард сўм ундирилди. Шу билан бирга тугатилган ширкатлардаги кўп хонадонли уй-жойлар билан хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотлари ўртасида шартнома тузиш ишлари олиб борилмоқда.
Юзага келган 8,6 миллиард сўмлик дебитор қарздорликни қисқартириш, банклардаги қарздорликни қайтариш ва бошқарув органларининг мажбурий тўловларини ундириш бўйича йиллик режани бажариш асосий мақсад қилиб олинди. Шундан 4,4 миллиард сўмлик мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаган 6 минг 439 та уй-жой мулкдорларига қарзларини тўлаш юзасидан огоҳлантириш хати берилди. Натижада бугунги кунга 831 та уй-жой мулкдорлари томонидан 453,6 миллион сўмлик қарздорлик тўланди. Шунингдек, судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида 17 та қарздор уй-жой мулкдорларидан 17,7 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилган бўлса, 72 миллион сўмлик 47 даъво ариза судларнинг ҳал қилувчи қарорига мувофиқ мажбурий ижро бюроси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Келгуси йилда кўп хонадонли уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун 21,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шундан 28 та уйнинг том қисмида, 196 та кириш йўлакни таъмирлаш ишлари, 214 дона рақамли темир эшик ўрнатиш, 49 та электр шитни таъмирлаш, 119 та уйнинг ички, 122 та уйнинг ертўласидаги коммуникация тармоқларини, 64 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири