Айни кунларда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида миллий спорт туримиз кураш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
Мазкур жаҳон чемпионати доирасида Ашхободда Халқаро кураш ассоциациясининг навбатдаги конгресси бўлиб ўтди.
50 га яқин мамлакатлардан делегатлар иштирок этган йиғилишда курашнинг жаҳондаги ривожи ва оммавийлигини таъминлаш борасида 20 га яқин турли масалалар кўриб чиқилди.
Конгресс давомида Халқаро кураш ассоциацияси бошқарув қўмитасига сайловлар ўтказилди.
Халқаро кураш ассоциациясини 2014 йилдан бери бошқариб келаётган Ҳайдар Фарман номзоди бир овоздан IKA президентлигига қайта сайланди.
Шунингдек, анжуманда ҳиндистонлик Жагдеш Татлер ва ҳамюртимиз, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов IKA биринчи вице-президентлигига, Шерзодхон Қудратхўжа (Ўзбекистон), Жаиме Казанова (Пан-Америка), Комил Рўзиев (Ўзбекистон), Томас Дункер (Африка), Мераби Илядис (Европа), Зиёвуддин Хожиниёзов (Ўзбекистон) вице-президентликка, Реза Носсири (Эрон) бош котибликка, Рави Копур (Ҳиндистон) техник директорликка сайланган бўлса, яна бир қатор номзодлар делегатларнинг овоз бериши натижасида Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) бошқарув қўмитасидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, Ашхобод кураш гиламларида 28 ноябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида мамлакатимизнинг 15 нафар спортчиси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА.