Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туман бўлими томонидан ўтказилган текширувда кўмир сотиб олишга ажратилган маблағни талон-торож қилганлар аниқланди.
Жумладан, “S.g.” масъулияти чекланган жамият масъул шахслари 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумида 18 та таълим ташкилоти ва 1 та оилавий поликлиникага кўмир сотиб олиш учун ажратилган 1,1 миллиард сўмнинг 187,5 миллион сўмини бошқа мақсадларга сарфлаган. Шунингдек, “T.B.” масъулияти чекланган жамият гўёки 1 минг 17 тонна кўмир етказиб берганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, 931,5 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири