Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти томонидан Халқ дипломатияси маркази “Халқаро ахбороти куни” муносабати билан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида “Халқ дипломатиясини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, халқ дипломатияси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча ахборот ресурсларини татбиқ этиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Тадбирни Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров очиб берди. Мамлакатимизда ОАВ  фуқаролик жамияти институтлари тизимида алоҳида ўринга эга бўлганлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва ислоҳотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганлигини, – Марказ директори ўз сўзида таъкидлади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўз нутқида фуқаролик жамияти ва хорижий мамлакатлар аудиториялари билан ҳамкорликда халқ дипломатиясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, оммавий ахборот воситаларининг глобал ахборот маконидаги ўрни тобора ортиб бораётганлиги, уларнинг фаолияти учун замон талабларига мос келадиган барча шарт-шароитлар яратилганлиги, маданий-гуманитар соҳадаги халқаро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Ўзаро фикр алмашиш ва мунозаралар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва уни кенг кўламда ёритиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар.

Давра суҳбати якунларини сарҳисоб қилар экан, Марказ директори Қобилжон Собиров иштирокчиларга тақдим этилган таклиф, мулоҳаза ва тавсиялар учун миннатдорчилик билдириб, ШҲТ доирасида кўп томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Марказ ва ОАВ вакиллари ўртасида янада самарали ўзаро ҳамкорлик қилинишига умид билдирди.

М.Турдалиева, Н.Абдувоитов (ЎзА)