Германия канцлери Олаф Шольц G20 онлайн-саммитида Россия Президенти Владимир Путинни Украинада махсус ҳарбий амалиётни бас қилишга чақирди.
– Россия Президенти Украинага бостириб кирилгандан буён илк бор G20 га аъзо давлатлар ва ҳукумат раҳбарлари видеоконференциясида иштирок этди, – деди Шольц Италия Бош вазири Жоржия Мелони билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида. – Мен Путинни урушни тўхтатиш учун босқинчиликни бас қилишга ва қўшинни Украина ҳудудидан олиб чиқишга чақирдим.
Унинг таъкидлашича, Германия Украинада БМТ Низоми асосида узоқ муддатли ва адолатли тинчлик қарор топиши тарафдори. Бундан ташқари ГФР ва Италия Украинани қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга тайёр.
Путин G20 онлайн-саммитида сўзга чиқиб, Россия ҳеч қачон Украина билан мулоқотдан бош тортмаганини, аксинча Киевнинг ўзи музокара жараёнидан чиққанини расман эълон қилганини таъкидлаган.