Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича ўтказилган жаҳон профессионаллар серияси халқаро турнирининг финал беллашувлари ҳаяжонли беллашувларга бойлиги билан ажралиб турди.

«World Series Pro» турнирларининг тўртта қитъада ўтган босқичларида эркаклар 66, 81, 90 ва мутлақ вазнда, аёллар 57, 70 килограмм ҳамда мутлақ вазн тоифаларида 1- ва 2-ўринни қўлга киритган спортчилар  Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш олиб борди.

Нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ёшлар сиёсати ва спорт вазири, Халқаро кураш ассоциацияси фахрий биринчи вице президенти Адҳам Икромов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон, Ўзбекистон кураш федерацияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, қитъавий кураш конфедерациялари, 20 дан зиёд давлатлардан келган миллий кураш федерациялари вакиллари иштирок этиб, «World Series Pro» турнирлари Африка, Осиё, Европа, Америка қитъаларида зўр муваффақият билан ташкил этилгани миллий спортимиз курашнинг халқаро ривожига беқиёс ҳисса қўшганини эътироф этди.

Ўзбекистон Республикаси мадҳияси янграб, шиддатли беллашувларга изн берилди. Дунёнинг турли давлатларидан келган курашчилар ўртасидаги муросасиз беллашувларни юзлаб спорт ихлосмандлари диққат билан кузатиб боришди. Айниқса, юртимиз полвонларининг чиқишлари мухлисларда бир олам завқ ўйғотди. Ўтказилган баҳслар натижасида эркаклар ўртасида 66 килограмм вазнда терма жамоамиз аъзоси Артём Штурбабин эронлик Мажид Воҳидни мағлуб этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти совринига эга чиққан бўлса, 2, 3-ўринлар Греция ва Грузия вакилларига насиб этди. 81 килограмм оғирликда ҳамюртимиз, жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Умид Эсонов барча рақибларидан устун эканлигини намойиш қилди. Совринли ўринлар Миср, Доминикан Республикаси вакилларига тегишли бўлди. 90 килограммм оғирликда Ўзбекистон Республикаси Президенти совринларига Грузия, Латвия, Қирғизистон, Мексика кураш федерацияси спортчилари эгалик қилди.

Эркаклар ўртасида мутлақ вазнда кечган беллашувларда ғолибликка даъвогарлар орасида Греция, Грузия, Мексика давлатларининг вакиллари бор эди. Аммо илк саралаш беллашувларида терма жамоамиз аъзоси, икки карра жаҳон чемпиони Муҳсин Ҳисомиддинов аввалига Грузия вакилини мағлуб этган бўлса, ундан кейин Греция полвонини доғда қолдирди. Шу тариқа финалда ҳамюртимиз қирғизистонлик Бекболот Токтогонов билан рўбарў келди. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши, Муҳсиннинг чапдастлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини юртимизда қолишини таъминлади. Шу тариқа халқаро мусобақада ғолибликка эришган спортчи 10 минг, 2-ўрин соҳиби 5 минг ҳамда 3-ўринни қўлга киритадиган курашчилар 1 000 АҚШ долларлари билан тақдирланди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирок этди.

 

Тўлқин Рўзиев,  

Муродхон Хўжаев(сурат видео)  

ЎзА