Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 22 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Беруний туманларида қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станциясини ҳамда қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш бўйича ўтказилган тендер танловида ғолиб эълон қилинди.

Вазирлик матбуот хизматининг қайд этишича, мазкур лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида “Умумий қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станцияси қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш дастури” (EBRD Phase 2) доирасида амалга оширилмоқда.

–Ушбу лойиҳани амалга оширишга иккита халқаро компания қизиқиш билдирди. Жумладан, Саудия Арабистонининг “ACWA POWER-Saudi Listed Joint Stock Company” компанияси томонидан шамол электр станциясида ишлаб чиқариладиган 1 кВт·соат электр энергияси ва электр энергиясини сақлаш тизими учун 4,09 АҚШ центи таклиф қилинди. Бирлашган Араб Амирликларининг  “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar” компанияси томонидан шамол электр станциясидан ишлаб чиқариладиган 1 кВт·соат электр энергияси ва электр энергиясини сақлаш тизими учун 4,99 АҚШ центи таклифи билан чиқди.

“Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Беруний туманларида қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станциясини ҳамда қуввати 100 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш” лойиҳаси доирасида “ACWA POWER-Saudi Listed Joint Stock Company” компанияси тендернинг дастлабки ғолиби, “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar” компанияси тендернинг захира ғолиби, деб эълон қилинди. Яқин кунларда танлов ҳужжатлари Тендер комиссияси томонидан ЕТТБ маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан ўтказилди. Молиявий таклифларнинг талаб этилган мезонларга мувофиқлиги баҳолангандан сўнг лойиҳани амалга оширадиган инвесторнинг номи эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Беруний туманларидаги 200 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ва 1 соат давомида 100 МВт қувват берадиган электр энергиясини сақлаш тизимини ўз ичига олади. Тендерда ғолиб бўлган инвестор шамол электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради ва бошқаради.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА