ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон давлат академик рус драма театри жамоаси Оролбўйида ижодий сафарда бўлди.
Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри саҳнасида пойтахтлик жамоанинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург Эркин Аъзам қаламига мансуб “Танҳо қайиқ” (“Одинокая лодка”) спектакли рус тилида томошабинлар эътиборига намойиш этилди.
Спектакль Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли режиссёр ва санъат арбоби Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган. Саҳна асарида Орол денгизининг қуриши оқибатида минтақада пайдо бўлган экологик муаммолар, унинг бутун дунё халқлари ҳаётига кўрсатаётган салбий таъсири, шунингдек, денгиз бўйида яшовчи балиқчиларнинг соғинч ва муҳаббатга тўла туйғулари тасвирлаб берилган.
Бош қаҳрамон “Орол бобо” ролини Ўзбекистон халқ артисти, актёр Афзал Рафиқов ижро этган. Актёрлар Ш. Исмайлов, Ф. Арипов, С. Шерматов, Ш. Абдуқундузов, С. Ҳасанов, А. Маслов, Р. Маринин, С. Шамсутдинов, А. Бакиров, З. Раимқулова, К. Савченко ва Н. Недоступоваларнинг ижро маҳорати ҳам томошабинларда яхши таассурот қолдирди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА