Тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Амалдаги қонунчиликда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари уч нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Ишчилар сонининг уч нафар этиб белгилангани оилавий тадбиркорлик субъектларига иш ҳажмини ошириш ва фаолият кўламини кенгайтиришда муаммоларни юзага келтирмоқда. Оқибатда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келди.

Шу сабабли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан навбатдаги ялпи мажлис олдидан ўтказилган йиғилишда мазкур қонунга алоҳида эътибор қаратилди.

Қонунда оилавий тадбиркорлик субъектлари энди уч нафар эмас, балки беш нафаргача доимий ишчини ёллаши ва улар билан меҳнат шартномаси тузиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бу оилавий тадбиркорликни янада ривожлантиришга имконият яратади.

Бундан ташқари, мажлисда Божхона кодексининг 297-моддаси иккинчи қисмига нодавлат спорт-таълим ташкилотини божхона божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи қўшимча киритилаётгани сенаторларнинг диққат марказида бўлди.

Бу тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантиришга, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни тайёрлашда давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА