Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан “Petrol Auto and Industrial” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда “Лукойл Лубрикантс Центральная Азия” мойлаш материаллари кўргазма-тақдимоти ўтказилди.
“Лукойл Лубрикантс Центральная Азия” компанияси, “Petrol Auto and Industrial”, “Exclusive Oil Group” масъулияти чекланган жамиятлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этган тадбирда йўловчи ташувчи ва тижорат транспорти, саноат корхоналари, транспорт соҳасидаги кластерлар, автомобиль эҳтиёт қисмларининг савдо корхоналари ва сервис марказларида фаолият олиб борувчилар қатнашди.
“Petrol Auto and Industrial” масъулияти чекланган жамият Лукойлнинг республикамиздаги расмий дилери ҳисобланади. Бу компания Ўзбекистон бозорига 2000 йилда кириб келган бўлиб, унинг портфелига Lukoyl, GNV OIL брендлари киради. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм ва Навоий вилоятларида компаниянинг филиаллари фаолият олиб бормоқда.
Ҳозир республикамиз ҳудудларида 6 омборхона очилган бўлиб, унда компания томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сақлаш учун зарур шароит яратилган. 2022-2023 йиллар давомида “Лукойл Лубрикантс Центральная Азия” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш 1650 тоннадан 3000 тоннагача ўсди.
Тадбир иштирокчиларига мазкур компанияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тақдимоти ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида тадбиркорлар ва компания вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ишбилармонлар компания билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан фикр алмашди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари