Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикасида ҳамда хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан хорижда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартибини белгилайди. Ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш улардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатни ёки далолатномани имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини ҳамда ушбу ҳужжатлар ва далолатномаларнинг хорижий давлат ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир.

Консуллик муассасалари томонидан ҳужжатлар ва далолатномаларнинг легаллаштирилиши уларнинг халқаро муносабатлардаги қонунийлигини тасдиқлайди.

Консуллик легаллаштириш ҳужжат ёки далолатномада баён этилган фактларни эмас, балки фақат уларни имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ва шаходатлашдан иборатдир. Консуллик легаллаштириш функциясини:

хорижий давлатларда – Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари;

Ўзбекистон Республикасида – Консуллик-ҳуқуқий департамент амалга оширади.

Хорижий давлатларда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари консуллик мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.

Агар муайян сабабга кўра консул ўз функцияларини бажара олмаса ёки консул лавозими вақтинча бўш бўлса, консулнинг вазифалари хорижий давлат ҳудудида жойлашган мазкур ёки бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахсига ёки ушбу давлат ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бирига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва муассасалари хорижий давлатларнинг ташкилотларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномалар улар консуллик муассасаси томонидан легаллаштирилган тақдирдагина, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ва ушбу ҳужжатлар ҳамда далолатномалар жўнатиладиган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Консул хорижий давлат ҳудудида расмийлаштирилган ҳужжатни легаллаштириш учун зарур ҳолларда мазкур ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги ёки бошқа тиллардаги нотариал тартибда тасдиқланган таржимасини тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

Қуйидаги ҳужжатлар ва далолатномалар консуллик муассасалари томонидан легаллаштирилмайди:

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган;

ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган;

нотўғри расмийлаштирилган;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотлар мавжуд бўлган;

тозалашлар, қўшимча ёзувлар ёки қайд этилмаган тузатишлар, шунингдек, қалам билан ёзилган ёзувлар мавжуд бўлган;

бир неча варақларда тузилган, лекин тартиб рақами қўйилмаган, тикилмаган, ҳужжат ёки далолатномани тақдим этган ташкилотнинг муҳри ва мансабдор шахснинг имзоси билан шаҳодатланмаган;

ҳужжатларга факсимил имзо қўйилган бўлса (Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).

Шунингдек, паспорт, идентификацияловчи ID-картаси, партияга мансублик ҳақидаги ҳужжатлар, касаба уюшмаси чипталари, ҳарбий билетлар, тоифа ёки диний эътиқодга мансублик ҳақидаги ҳамда фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк ҳужжатларининг асли ва нусхалари легаллаштирилмайди.

ЎзА