Ҳуқуқий муносабат

Шундай ҳадялар борки, уларни тақдим этишда нотариал идоралар иштирок этиб, махсус шартнома тузиш керак бўлади.  Бу ҳадя шартномасидир.

Ушбу шартномадаги меъёр ва қоидалар хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов батафсил тушунтириш берди.

–Ҳадя шартномасига оид қоидалар Фуқаролик кодексининг 31-боби билан тартибга солинади. Ушбу бобда ҳадя шартномаси, ҳадя олувчининг ҳадяни қабул қилишни рад этиши,  ҳадяни чеклаш, ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш, ҳадяни бекор қилиш  ва ҳадяни бекор қилиш мумкин бўлмаган ҳоллар, камчиликлари бўлган мол-мулкни ҳадя қилиш оқибатлари ва ҳадя ваъда қилинганида ҳуқуқий ворислик каби масалалар тартибга солиб қўйилган.

Фуқаролик кодексининг 502-моддасига кўра, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи) га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади.

Жумладан, уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 507-моддасида ҳадяни бекор қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадя қилинган мол-мулк Фуқаролик кодексининг 507-моддасида белгилаб қўйилган тартибда қайтариб олиниши мумкин.

Лекин Фуқаролик кодексининг 508-моддасига кўра, ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланмайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА