Шу кунларда футбол мухлислари, айниқса, ўзбек ихлосмандлари қизиқарли ва ҳаяжонга бой ўтаётган учрашувларнинг гувоҳига айланмоқда. Айниқса, терма жамоаларимизнинг ўйинлари уларни қувонтираётгани шубҳасиз.

Кеча пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида “ЖЧ-2026” ва “Осиё кубоги-2027″ қўшма саралаш босқичи доирасида Сречко Катанес бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Эрон термасини қабул қилди ва жанговар 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Бу эса барчамизнинг кайфиятимизни кўтарди, терма жамоамизга бўлган ишончимизни янада оширди.

Ҳа, кеча футболчиларимиз нимага қодир эканликларини, мамлакатимиз футболи тобора юксалиб бораётгани ва улар халқ эътиборига муносибликларини исботлаб қўйди. Тўғри, ўйин гарчи дуранг билан якунланган бўлсада, сўнгги йилларда Эрондек кучли термаларга қарши мағлуб бўлаётган жамоамиз, ўйин тизгинини ўз қўлларига олиб, дуранг ёки ғалаба қозона олишига ишонмай қўйган эдик. Ушбу саралаш босқичининг илк Туркманистонга қарши ўтган ўйинида ҳам терма жамоамиз биринчи бўлиб ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишига қарамасдан якунда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Албатта, Туркманистон унчалик кучли терма жамоа эмас, дейишингиз мумкин. Аммо кечаги Эронга қарши ўйинда футболчиларимиз камбекни амалга ошириб, бой берилган ўйинни қайтара олганликлари таҳсинга лойиқдир. Маълумки, Эрон – Европа ва Америка қитъасининг ҳар қандай жамоаси билан тенг кураша оладиган жамоа ва улар ғалабани осонлик билан бой бериб қўймайди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон термаси 2009 йилдан бери Эрон билан дуранг қайд этмаган эди ва Эронни 2012 йилнинг 14 ноябрь куни “Озоди”да Улуғбек Бақоев томонидан киритилган гол эвазига мағлуб этган. Шунингдек, Ўзбекистон термаси илк марта бир ўйинда Эрон дарвозасига икки бора йўл топди. Бу ўйинлар таъкидлаш керакки, тарихда қолди ва умид қиламизки, ушбу муваффақият олдиндаги улкан марралар дебочасидир.

Энди “E” гуруҳидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтсак. Кеча гуруҳнинг иккинчи турида Гонгконг ва Туркманистон учрашуви ҳам 2:2 ҳисобида якунланди. Ушбу учрашувлардан сўнг Ўзбекистон ва Эрон терма жамоаларининг очколари 4 тага, Гонгконг ва Турманистоннинг очколари эса 1 тага етди. Жадвалда Эрон тўплар нисбатига кўра биринчи ўринда, Ўзбекистон эса иккинчи, Туркманистон ва Гонконг учинчи ҳамда тўртинчи поғонадан жой олган.

Шунингдек, мазкур саралаш босқичида қолган терма жамоалар ҳам иккинчи тур учрашувларини ўтказди.

Жумладан, “A” гуруҳида Ҳиндистон – Қатар 0:3, “B” гуруҳида Мянма – Шимолий Корея 1:6, Сурия – Япония 0:5, “C” гуруҳида Хитой – Жанубий Корея 0:3, Сингапур – Таиланд 1:3, “D” гуруҳида Хитой Тайпейи – Малайзия 0:1, Қирғизистон – Уммон 1:0, “F” гуруҳида Филиппин – Индонезия 1:1, Вьетнам – Ироқ 0:1, “G” гуруҳида Покистон – Тожикистон 1:6, Иордания – Саудия Арабистони 0:2, “H” гуруҳида Непал – Яман 0:2, Баҳрайн – БАА 0:2, “I” гуруҳида Фаластин – Австралия 0:1, Бангладеш – Ливан 1:1 натижалари қайд этилди.

Энди ушбу саралаш ўйинларининг 3-тури 2024 йилнинг 21-26 март кунлари ўтказилади.

Навбат ёш футболчиларимизга

Хабарингиз бор, Индонезия майдонларида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси плей-офф босқичига чиққан эди.

Бугун, 22 ноябрь куни Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдлари мусобақанинг 1/8 финалида Англия термасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 13:30 да старт олади. Жакарта шаҳридаги “Жакарта” стадионида ўтадиган ўйинни гондураслик ҳакамлар бригадаси Селвин Браун, Жерсон Орельяна, Эммануэль Агирре бошқариб боради. Уларга тўртинчи ҳакам сифатида мавританиялик Дахане Бейдага ёрдам беради. Мазкур ўйинда ҳамюртларимиз кўк-оқ либосда, дарвозабон эса тўқ сариқ либосда ҳаракатланади.

Умид қиламизки, ёш футболчиларимиз ҳам акалари каби муносиб ўйин кўрсатиб, ўзбек футбол ихлосмандларини қувонтиради.

Океан ортида нима гаплар?

“КОНМEБОЛ”да Бразилия ва Аргентина учрашуви доимо кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтади. Ушбу терма жамоалар рақобатлашса, нафақат футболчилар, балки мухлислар ўртасида ҳам рақобат бўлади.

Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган Бразилия – Аргентина учрашуви белгиланган вақтдан 27 дақиқа ўтиб бошланди. Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида ўтказилган ўйин бошланиши арафасида футболчилардан олдин мухлислар баҳсларни бошлаб юборди.

Икки давлат мадҳиялари янграётган пайтда уй ва меҳмон мухлислари ажратилмаган бўлимда тўқнашув бошланди. Полиция эса мухлисларга нисбатан кескин чора кўрди ва мухлисларга қарши таёқлардан фойдаланди. Шунингдек, Аргентина терма жамоаси футболчилари можарони бостириш мақсадида мухлислар секторига борди. Мезбонлар сардори Маркиньос ҳам томошабинларга яқинлашди. Аммо бу вазиятга унчалик таъсир қилмади, мухлислар ва полиция ўртасидаги тўқнашув тахминан ўн беш дақиқа давом этди.

Меҳмонлар сардори Лионель Месси жамоадошларига жамоа майдонни тарк этиши кераклигини кўрсатди. Аргентина терма жамоаси трибуналар остидаги биноларга йўл олди. Орадан 27 дақиқа ўтиб ушбу тартибсизлик буткул ҳал этилди ва учрашув бошланди.

Шиддатли тарзда ўтган ўйинда Аргентина терма жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона голга Отамендининг 63-дақиқада муаллифлик қилди. Шу тариқа, Аргентина 3 очкони қўлга киритиб, турнир пешқадамлигини сақлаб қолди. Бразилия эса 6-поғонага тушиб кетди.

“Евро-2024″ саралаш баҳслари ҳам қизғин паллага кирди.

Ўтган турда катта рекордлар ўрнатган Франция бу турда очко йўқотди. Аниқроғи, Греция билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Нидерландия эса Гибралтар устидан сафарда 0:6 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, “В” гуруҳида французлар 22 очко билан 1-ўринда қолди. Нидерландия эса 18 очко билан иккинчи поғонани эгаллади.

Саралашнинг 10-тур учрашувларининг “D” гуруҳида Хорватия – Арманистон 1:0, Уэльс – Туркия 1:1, “I” гуруҳида Руминия – Швейцария 1:0, Андорра – Исроил 0:2, Косово – Беларусь 0:1 учрашувлари қайд этилди.

Дарвоқе, бугун Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган илк учрашувлар бўлиб ўтади. Унда Бухорода “Бухоро” жамоаси “ОКМК”ни қабул қилади. Яна бир учрашувда эса “Турон” “Андижон”ни меҳмон қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА