Эртага, 22 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича жаҳон профессионаллар серияси халқаро турнирининг финал беллашувлари бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, қитъавий кураш конфедерациялари, 20 дан зиёд давлатлардан келган миллий кураш федерациялари мутасаддилари йил давомида қитъавий чемпионатлар сўнгида ташкил этилган “World Series Pro“ турнирлари курашнинг халқаро ривожида муҳим омил бўлганини эътироф этди.

Айтиш лозим, “World Series Pro“ турнирларининг қитъавий босқичларида эркаклар 66, 81, 90 килограмм ва аёллар 57, 70 килограмм мутлақ вазн тоифаларида беллашди. Мусобақа низомига кўра, ҳар бир қитъавий босқичда 1- ва 2-ўринни қўлга киритган спортчилар мусобақанинг финал босқичи бўлган ”World Series Masters“ турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Халқаро кураш ассоциацияси тақвим режасига асосан апрель ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё қитъаси, июль ойида Мисрнинг Қоҳира шаҳрида Африка қитъаси, августда Доминикан Республикасининг Санто-Доминго шаҳрида Пан-Америка қитъаси ва октябрь ойида Грециянинг Салоники шаҳрида Европа қитъаси саралаш босқичлари муваффақиятли ўтди.

Журналистларнинг саволларига жавоб бериш жараёнида мутасаддилар “Алпомиш” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича жаҳон профессионаллар серияси халқаро турнирининг финал беллашувларида 27 давлатдан 56 нафар спортчи 7 та (3 та аёл ва 4 та эркак) вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқишини билдирди.

Таъкидланганидек, мусобақа низомига биноан финал беллашувларида ғолибликка эришган спортчига 10 минг, 2-ўрин соҳибига 5 минг ҳамда 3-ўринни қўлга киритадиган курашчига 1 000 АҚШ доллари тақдим этилади.

Анжуман давомида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш орқали миллий қадриятларимизни улуғлашга қаратилган мазкур халқаро мусобақа келгусида ҳам тизимли тарзда ташкил этилади.

Дарҳақиқат, “ҳалол”, “тўхта”, “чала”, “ёнбош”, “гилам”, “танбеҳ” каби ўзбекона сўзларнинг халқаро спорт майдонларида жаранглаши одат тусига кираётгани Янги Ўзбекистоннинг янги муваффақияти сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “World Series Pro“ ва ”World Series Masters“ турнирларининг йўлга қўйилгани эса юртимизда миллий қадриятларни халқаро майдонда оммалаштириш, курашни Олимпия ўйинларига киритиш борасидаги ҳаракатларга янги куч бағишлаши билан аҳамиятлидир.

“Алпомиш”да кечадиган шиддатли беллашувлар, жозибали усуллар, полвонларнинг ўзига хос чиқишлари миллий қадриятларимизнинг нодир дурдонасини яна бир карра дунёга кўз-кўз этиши билан қадрлидир.

 

Т. Рўзиев, ЎзА.