Ташқи сиёсатда доим бир-бирига қарама-қарши қўйиладиган дунёнинг икки қудратли давлат раҳбарлари Байден ва Си Цзиньпин учрашувига нима сабаб бўлди? Улар қайси масалаларни кўтарган?
Маълумки, Калифорния штати Сан-Франциско шаҳрида минтақадаги 20 дан ортиқ мамлакатни бирлаштирган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити бўлиб ўтди. Саммит доирасида ушбу мамлакатга ташриф буюрган ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Президент Жо Байден ўртасида учрашув ҳам ташкиллаштирилган.
Хитой етакчисининг АҚШга бундан аввалги ташрифи олти йил олдин амалга оширилган.
Бу галги учрашуви тўрт соат давом этди.
Икки мамлакат раҳбарлари турли масалаларда фикр алмашди, энг долзарб масалалар, жумладан бир-бирини тушунишни шакллантириш, келишмовчиликни муносиб равишда бошқариш, мулоқотни давом эттириш бўйича қарашларини баён қилди, – деди Чин мамлакати ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Вазирнинг маълум қилишича, томонлар Фаластин – Исроил можароси, Украина инқирози, иқлим ўзгариши, сунъий интеллект каби долзарб халқаро муаммоларни ҳам кўтарган.
“Синхуа” агентлиги хабар беришича, ХХР етакчиси америкалик дўстлар гуруҳи уюштирган зиёфатда сўзга чиқиб, Хитой АҚШнинг ютқазишидан умидвор эмаслиги, мамлакат ички ишларига аралашмай қўшма штатларга хавф туғдиришга интилмаслигини айтиб ўтган.
Си Цзиньпинга кўра, Хитой АҚШнинг ривожланиши ва тараққий этаётганини қувонч билан кузатиб бормоқда. Унинг айтишича, ўз навбатида АҚШ ҳам Хитойнинг ютқазиши учун интилмаслиги ва ички ишига аралашмаслиги керак. Хитой – Америка муносабати бўйича одамларда умид мавжуд. Ҳар икки мамлакатнинг келажаги – ёшлар. Шу боис ўзаро алоқа ва алмашинувни кенгайтириш лозим.
АҚШ – Хитой ўртасида кескинлик кучайганига қарамай, Си Цзиньпин сўнгги ойларда “соғлом ва барқарор” муносабат муҳимлигини бир неча бор таъкидлади. Алоқалар ривожида осонликча қўлга киритилмаган натижаларни қадрлаш кераклигига урғу берди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва АҚШ манфаати “бир-бирига чамбарчас боғлиқ” ҳамда инсониятнинг келажаги ва тақдири бу икки мамлакат тўғри, бирга яшаш йўлини топа олишига боғлиқ.
Сиёсий кузатувчилар фикрича, мазкур мулоқот тарихий воқеа бўлиб, мамлакатлар муносабатида ҳам, дунё кун тартибида ҳам янги даврни бошлаб бериши мумкин. Агар шундай бўлиб чиқса, мазкур олий даражадаги учрашув дунё ҳамжамияти учун ҳам том маънода муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, ТИВ раҳбари Ван И таъкидлаганидек, Байден ва Си Цзиньпин учрашуви узоқ муддатли натижага олиб келадиган стратегик аҳамиятга молик ҳодиса бўлганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА