Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25-30 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри Самарқандда тезкор ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси мазкур жаҳон чемпионати дастурини ҳамда иштирокчиларнинг рўйхатдан ўтиш тартиби, етиб келиш муддатлари, рўйхатдан ўтишнинг охирги муддати ва бошқа жиҳатлар хусусида расмий мурожааатни эълон қилди.
Унга кўра, иштирокчиларнинг рўйхатдан ўтиши сўнгги куни 1 декабрь этиб белгиланган.
Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг Самарқандга етиб келиш санаси 25 декабрь бўлса, мусобақалар расман 26 декабрдан бошланади. Чемпионат дастурига мувофиқ тезкор (рапид) мусобақалари 26-28 декабрь кунлари ташкил этилса, блиц йўналишининг ғолиб ва совриндорлари 29-30 декабрь кунлари аниқланади.
Т.Рўзиев, ЎзА