Берлиндаги Олимпия стадионида “Евро-2024” ўйинлари учун мўлжалланган футбол тўпи тақдимоти ўтказилди. Расмий дизайнида “Adidas Connected Ball” технологияси қўлланган ушбу тўп номи – “Fussballiebe” немис тилида “футболга муҳаббат”ни англатади.

Тақдимотда УЕФА техник директори Звонимир Бобан тўпни танлашда, бўлажак турнирни ташкил этишда талаб қилинадиган сифат стандарти муҳимлигини, “Fussballiebe” мукаммалликка интилишда янги қадам эканини таъкидлади.

Мазкур тўп “Adidas”нинг бошқа маҳсулотларидан экологик тоза материалдан тайёрлангани билан ажралиб туради: ҳар бир қатлам маккажўхори толаси, шакарқамиш, ёғоч хамири ва каучук, шунингдек қайта ишланган полестердан иборат.

Компаниянинг маҳсулот ва дизайн бўйича вице-президенти Сем Хенди “Ушбу расмий тўпни ишлаб чиқишда Европанинг футболга муҳаббатидан илҳомландик”, деди.

Эслатиб ўтамиз, “Евро-2024” келгуси йил 14 июнь-14 июль кунлари Берлин, Кёльн, Дортмунд, Дюссельдорф, Франкфурт, Гельзенкирхен, Гамбург, Лейпциг, Мюнхен ва Штутгарт шаҳарларида ўтади.

Т.Рўзиев,

ЎзА