Соврин жамғармаси 600 миллион сўмдан иборат III “Заковат-Гамбит” шахмат турнирининг жорий йилги баҳслари 4 минг нафардан ортиқ иштирокчини қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.

Мусобақада 14-жаҳон чемпиони, шахмат олимпиадасининг уч карра ғолиби Владимир Крамник, аёллар ўртасида тўрт карра жаҳон чемпиони хитойлик Хоу Ифан турнир иштирокчилари учун мастер-класс ва шахмат сеансларини ўтказгани ёш иқтидор эгаларига “ақл гимнастикаси”даги маҳоратларини оширишга ёрдам берди.

Ўтган йилги баҳсларда “А” гуруҳида 3-ўринни эгаллаган Муҳиддин Мадаминов бу йилги мусобақага жиддий ҳозирлик кўрганини амалда исботлади ва ғолибликка эришган бўлса, ушбу гуруҳда 2 ва 3-ўринлар Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовга насиб этди.

“В” гуруҳида Муҳаммадзоҳид Суяров, Бобур Сатторов ва Алмас Раҳматуллаев, “С” гуруҳида Асроржон Омонов, Акобирхон Сайдалиев, Нурилла Уралов, “Д” гуруҳида Исломбек Синдоров, Шаҳромбек Каримов, Абдулазиз Қурбонов, “Е” гуруҳида Рауф Қосимов, Акжол Раҳматуллаев, Билолиддин Обидов совринли ўринларни қўлга киритди.

Гуруҳларда 1-ўринни эгаллаган шахматчилар 50, 2-ўрин соҳиблари 30, 3-ўриндан жой олган шахматчилар 20 миллион сўм миқдоридаги мукофотлар топширилди.

Ғолиб ва совриндор бўлган шахматчиларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг биринчи ёрдамчиси Саида Мирзиёева, ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА