Бугун Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилганлигининг 65 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тизим фидойиларига йўллаган байрам табригини Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.

Байрам табригида таъкидланганидек, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассис меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси миллий саноатимиз фахри, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Кейинги йилларда соҳа ривожига қаратилаётган улкан эътибор ҳамда ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жадал жорий этилаётгани туфайли комбинат олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчи хорижий компаниялар орасида 7-ўриндан 4-ўринга кўтарилди. “Мурунтов” кони эса халқаро рейтингларда юқори поғоналарни эгаллаб келмоқда.

Қисқа муддатда комбинатда 23 та йирик инвестиция лойиҳаси, жумладан, 5, 6 ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати ишга туширилиб, 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани диққатга сазовордир.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бу йил олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 25 фоиз, табиий уран 20 фоиз, кумуш эса 46 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда 5-ўринни эгаллаб турибди. “Навоийуран” давлат корхонаси ўз маҳсулотини юз фоиз экспортга йўналтирмоқда.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги қувватлар учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

Биргина Навоий машинасозлик заводида йилига ўртача 15 минг турдан зиёд импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрланаётгани буни тасдиқлайди.

Соҳа учун малакали муҳандис кадрлар етказиб бериш мақсадида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг моддий-техника базаси ва илмий-педагогик салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Мураккаб технологик жараёнларни асосан ана шундай олий ўқув юртларимизда таълим олган азму шижоатли ёшларимиз бошқараётгани барчамизни қувонтиради.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тақдирланган соҳа илғорларига мукофотларни Ўзбекистон Республикаси  Бош вазири Абдулла Орипов тантанали равишда топширди.

– 30 йилдан буён кончилик тизимида меҳнат қилиб келмоқдаман, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Марказий кон бошқармаси цех бошлиғи Йўлдош Ғаниев. – Бу йилги 65 йиллик байрам мен учун қўшалоқ байрамга айланди. Юртбошимиз фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони соҳиби бўлдим. Бу юксак мукофот менга ғурур ва ифтихор бахш этди.

Қайд этиш керак, кон-металлургия соҳаси мамлакатимизда иқтисодиёт тараққиётининг муҳим асосларидан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича фаол инвестиция жараёни амалга оширилаётгани “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятида ҳам туб бурилиш, иқтисодий юксалиш даврини бошлаб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Шу билан бирга йирик саноат корхонасида кадрлар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ишчи-ходимлар хорижий мамлакатларнинг йирик корхоналарида малака ошириб келаётгани ва тажрибаларини амалиётга тадбиқ этаётгани эса корхона ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг 10 та энг йирик саноат корхонасидан бирига айланганлиги ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов, “НКМК” АЖ бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Саноқулов сўзга чиқиб, тизим ходимларини табриклади.

Тадбир пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар ва “Фарҳод” маданият саройи бадиий жамоалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар билан давом этди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари