Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Термиз шаҳрида барпо этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасини бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилмоқда. Бу уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун замин бўлмоқда.

Термиз шаҳрининг Тинчлик маҳалласи ҳудудида ҳам шундай шароит ташкил этилди. 2 гектар майдондаги биноларда жами 42 та лойиҳа жойлаштирилди. Улар қурилиш материаллари, кимё ва нефть-кимё, мебелсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноатига тааллуқли. Биноларни харид қилиш, ускуналар олиб келиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари орқали ажратилади. Барча корхоналар ишга тушгач, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари бу ерда жойлаштирилган корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди. Улардан бири анор шарбатини қадоқлаб, қўшни давлатларга экспорт қилмоқда. Яна бири кийим ва гилам тўқишни йўлга қўйиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

Президент бундай саноат зоналарини вилоятнинг ҳар бир туманида барпо этиш, маҳаллаларда ҳунармандчилик, касаначиликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Икки йиллик тажрибадан келиб чиқиб, Сурхондарёда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиш, бунга 50 миллион доллар маблағ ажратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

– Бугунги тадбиркор ёшлар – Янги Ўзбекистон маҳсули. Уларнинг билими ҳам, интилиши ҳам янгича. Шунинг учун саноат зоналарини ёшларнинг ўзига бериш керак. Бу туманлар учун тайёр «лойиҳалар фабрикаси» бўлади. Мутасаддилар фақат корхоналарни инновацияга ўтказишга, бозорга чиқишга кўмаклашиши керак. Бунда асосийси – таннарх, сифат, рақобат, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, бу вилоят ёшларининг спортга қобилияти зўрлиги, лекин улар шуғулланаётган спорт турлари чекланиб қолгани қайд этилди. Шу боис Сурхондарё ёшларини спортга жалб қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Бу мақсадларга 30 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. “Учқизил” сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси ташкил қилинади.

Бу ерда маҳаллий саноат маҳсулотлари намойиш этилди, инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 4 миллиард 600 миллион долларлик 82 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг 4 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. Энергетика, кимё, тоғ-кон, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва бошқа саноат тармоқларидаги бу лойиҳаларда қўшимча қийматли маҳсулотлар, ўн минглаб иш ўрни яратилади.

Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Ҳудуд изчил ривожланмоқда. Олдинда режалар, имкониятлар ҳам кўп. Хусусан, 3 миллиард 300 миллион долларлик 4 та янги йирик саноат лойиҳаси шакллантирилган. Булар ҳисобига вилоят иқтисодиётига йилига 6,5 триллион сўм, бюджетига 1,6 триллион сўм, экспортига 100 миллион доллар қўшилади, 2 мингта юқори даромадли иш ўринлари очилади. Жумладан, Бойсундаги қарийб 3 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасида йилига 5 миллиард куб метр газ тозаланиб, 6 триллион сўмлик табиий газ ва олтингугурт ишлаб чиқарилади. Вилоятга йилига ўртача 120 миллион долларлик экспорт тушуми қўшилади. Геология қидирув ишлари кенгайтирилиб, яна 100 миллиард куб метр газ захиралари очилади.

– Сурхондарёда жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқи бор. Ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти. Шароит яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозим, – деди давлат раҳбари.

Шу боис келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга етказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. 400 минг аҳолини банд қилиш вилоят ва туман ҳокимларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Вилоятга инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришдаги энг катта захира – бу мавжуд конларни ишга солиш экани таъкидланди.

Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Сурхондарё ўзининг табиий тупроқ-иқлим шароити билан эртаки маҳсулотларни етиштиришда биринчи ўринда бўлиши мумкин. Лекин, ҳосилдорлиги юқори уруғ ва кўчат билан таъминлашда муаммолар бор. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 10 та туманда in vitro лабораторияларини ташкил қилиш топширилди.

Келгуси йилда дала четларида қуритиш ва саралаш ускуналари ҳамда 70 та кичик совуткичлар ўрнатилади. 100 минг гектарда ихчам иссиқхоналар ташкил қилиб, барра пиёз, брокколи, розмарин, руккола, қизил райҳон, ялпиз каби экспортбоп экинлар етиштирилади.

Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсойда 6 та сақлаш, қуритиш ва саралаш маркази, Термиз туманида Жанубий Корея билан бирга 50 миллион долларлик логистика хаби ташкил этилиши белгиланди.

Ингичка толали ғўза 15 фоизгача кам сув талаб қилади ва эрта пишади. Шу боис бундай ғўза навлари майдонини 50 минг гектаргача кенгайтириш, уни қайта ишлашни 30 фоизга етказиш, молекуляр генетика ва селекция бўйича қўшма лойиҳа ва замонавий лаборатория ташкил этишга топшириқ берилди.

Йиғилишда сув танқислиги муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Сурхондарёда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилади. Сув таннархи 2 баробар қимматга тушаяпти, йилига 20 миллион киловатт соат электр беҳуда сарфланаяпти.

– “Сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш лозим, – деди Президент.

Мутасаддиларга 47 та канални бетонлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш, сув йўқотилиши кўп бўлган 6 тасини таъмирлаш бўйича топшириқ берилди.

Вилоятнинг туризм салоҳияти ҳам юқори. Бу ерда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзиллари бор. Ҳозирда “Далварзинтепа” ёдгорлигида очиқ осмон музейини ташкил қилиш бўйича иш бошланган.

Буни давом эттириб, Бойсундаги “Бойбулоқ”, “Тешиктош” ва “Мачай” ғорлари, Узундара қалъасини ҳам шундай музейларга айлантириш кераклиги таъкидланди. Шерободдаги “Хатак” ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедицияси жалб этилади. Сангардак каби яна 10 та маҳалла туризм қишлоғига айлантирилади.

“Омонхона” санаторияси таъмирланиб, қуввати кенгайтирилади. Яна битта янги санаторий ҳам қурилади. Бойсун, Олтинсой, Сариосиё ва Шерободда дор йўли, меҳмонхона ва савдо хизматларини ташкил қилиш бўйича 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Касалликларнинг олдини олиш учун ҳар бир маҳалла ва дорихоналарда фитобарлар ташкил қилиш, уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

“Бойсун”, “Шалола”, “Бойчечак”, “Булбули гўё” каби бадиий жамоаларнинг халқаро фестивалларда иштирок этишига кўмаклашиш, достон ва термаларнинг “Олтин фонди” яратиш зарурлиги айтилди.

Сурхон ёшларини спортга жалб этишни кенгайтириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниши белгиланди.

Йиғилиш давомида вазирлар ва ҳокимлар, зиёлилар, тадбиркорларнинг фикр ва таклифлари эшитилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Indenim Textile” кластерининг Термиз шаҳридаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Бу корхона 2019 йил ишга туширилган бўлиб, унинг умумий қиймати 10 миллион доллардан зиёд. Германия, Япония, Туркия ва Хитой каби давлатлардан келтирилган илғор технология ва ускуналар самарасида йилига 800 турдаги 9 миллион дона кийим-кечаклар ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Уларнинг бир қисми экспортга, асосий қисми ички бозорга – “Indenim” дўконларига етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди.

– Юртимизда тўқимачилик хомашёси бор, маҳсулотлар сифати ҳам яхшиланиб бораяпти. Фақат бизда дизайн мактаби йўқ. Ҳозир дунёда услублар тез ўзгараяпти. Кийим корхоналаримиз рақобатбардош бўлиши учун дизайн мактабини ривожлантириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мутахассисларни Италия каби дизайн соҳаси тараққий этган мамлакатларга тажриба учун юбориш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, бозорни ўрганиш ва прогнозлаштириш ҳамда тадбиркорларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.

Корхонада мономарказ ташкил этилган, ишчилар аввал шу ерда ўқитилади. Бугунги кунда 800 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

“Indenim Textile” кластерининг пахта етиштириш ва қайта ишлаш, ип-калава тайёрлаш, кийим ишлаб чиқариш ҳамда сотиш занжири яратилган. Уларда жами 9 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарига корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берилди. Келгусида мато тўқиш ва бўяш, кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Бунинг учун умумий 55 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Натижада яна 10 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбирлари