Бугун, 17 ноябрь куни “Ҳумо Арена” мажмуасида профессионал бокс оқшоми ташкил этилади. Кечанинг марказий жангида Баҳодир Жалолов Жанубий Африка Республикаси вакили Крис Томпсонга қарши жанг ўтказади.

Мазкур бокс оқшомида бир қатор профессионал бокс жанглари билан биргаликда мауй-тай бўйича миллий камар учун баҳс ҳам ташкил этилади.

Жанглар рўйхати қуйидаги кўринишни олган:  

Муай-тай жанги: 63,5 кг. Бекзоджон Тожиев (Ўзбекистон) — Сабит Акилбеков (Ўзбекистон).

Профессионал бокс. WBC Central Asia турнири чорак финал жанглари: 

Ярим ўрта вазнда (66,6 кг) (6 раундлик):  

Ҳожиакбар Қодирохунов (Ўзбекистон), — Берекет Таиров(Қозоғистон)

Богдан Утегенов (Қозоғистон) — Камронбек Турғунов (Ўзбекистон, дебют)

Ихтиёр Нишонов (Қирғизистон, дебют) — Ҳадятулло Исмоилов (Тожикистон, дебют)

Илдар Турдибаев (Қирғизистон) — Рамазан Табаров (Тожикистон, дебют)

Ярим оғир вазнда (79,3 кг) (7 раундлик):  

Шуҳрат Абдуллаев (Ўзбекистон) — Артьём Пчельяков (Қозоғистон)

Жамшидбек Тожибоев (Ўзбекистон) — Михаил Коханчик (Қозоғистон)

Иккинчи энг енгил вазнда (55,2) 6 раундлик жанг:  

Аветис Налбандьян (Арманистон, дебют) — Викаш Даҳия (Ҳиндистон)

Ярим енгил вазнда (57,1 кг) 4 раундлик жанг:  

Абдумалик Халаков (Ўзбекистон, дебют) — Олександр Егоров (Украина)

Ярим ўрта вазнда (66,6 кг) 8 раундлик жанг:  

Қудратилло Абдуқаҳҳоров (Ўзбекистон) — Маоно Алли (Танзания)

Энг енгил вазнда (53,5 кг) 8 раундлик жанг:  

Миразиз Мирзахалилов (Ўзбекистон) — Рунқи Жоу (Хитой)

Ўрта вазнда (72,5 кг) WBC Central Asia турнири финали (8 раундлик):  

Анвар Туропов (Ўзбекистон) — Суҳроб Қаюмов (Ўзбекистон)

Биринчи ўрта вазнда (69,8 кг) WBC International камари учун:  

Эрмал Ҳадрибэй (АҚШ) — Карлос Молина (Мексика)

Биринчи ярим ўрта вазнда (63,5 кг) WBC Central Asia камари учун:  

Мужибилло Турсунов (Ўзбекистон) — Янгченг Жин (Хитой)

Ўрта вазнда (72,5 кг) WBC Eliminator жанги (12 раундлик):  

Мейирим Нурсултанов (Қозоғистон) —Хулио Аламос (Чили)

Иккинчи ўта енгил вазнда (52,1 кг) WBC вақтинчалик чемпионлик камари учун (12 раундлик):  

Педро Гуевара (Мексика) — Карлос Куадрас (Мексика)

Марказий жанг: Cупероғир вазнда 10 раундлик жанг:  

Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон)- Крис Томпсон (ЖАР)

Кеча ушбу бокс оқшомида рингга кўтариладиган боксчилар учун тарози ва кўз ўриштириш маросими ташкил этилди. Тадбир давомида уюштирилган маросимларда бир қатор номдор боксчилар қатори юртимизда меҳмон бўлиб турган собиқ жаҳон чемпиони Майк Тайсон ҳам иштирок этди.

–Мамлакатимиз дунё спортининг марказларидан бирига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Ўтган йиллар давомида юртимиз боксчилари ҳаваскор йўналишда жаҳонинг етакчи давлатларидан бири эканлигини намойиш этган бўлса, ишонаманки яқин келажакда профессионал бокснинг энг илғор давлатлари қаторига қўшилади. Бундай мусобақалар, жангларнинг ўтказилиши спорт ҳаракати мамлакатимизда оммалашишига, маҳоратли боксчиларнинг камол топишига ижобий таъсир кўрсатади, – дейди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев.

Тадбир жараёнида жангларда иштирок этадиган Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Абдумалик Халаков, Мужиббила Турсунов каби боксчиларимизнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

–Жанг мен учун профессионал боксдаги илк иштироким сифатида қадрли. Албатта ғалаба қозониб, халқимизни хурсанд қилиш ниятидаман. Лекин бор эътиборим Олимпиадага қаратилгани боис, ушбу баҳс “Париж-2024” Олимпиадасига тайёргарликнинг бир босқичи бўлиб қолади, – дейди Абдумалик Халаков.

– Профессионал боксда 20 та жанг ўтказиб, 18 марта ғалаба, 2 марта дурангга эришганман. Жангларимнинг асосий қисми Америка қитъасида бўлган. Бу сафар юртимизда рингга кўтарилаётганимдан хурсандман. Айтишим лозим, Тошкентда ўтадиган ушбу бокс мусобақаларини нафақат юртимизда, балки дунё бокс мухлислари, промуотерлик компанияларининг вакиллари диққат билан кузатишади. Бир сўз билан ифода этганда, дунёнинг нигоҳи Тошкент рингларига қаратилади, – дейди Қудратилла Абдуқаҳҳоров.

Дарҳақиқат, бугун жаҳон бокс ишқибозларининг эътибори Тошкентга қаратилади.

Баҳодир Жалолов етакчилигидаги маҳоратли спортчиларимизнинг рақиблари уларнинг жангларини, хатти-ҳаракатини диққат билан назорат қилишади, ўрганишади. Бу Ўзбек бокси жаҳон бокси учун катта мактабга айланганининг ёрқин далилидир.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА