Чанг ва қум бўрони тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган трансчегаравий муаммо ҳисобланади. Барча қитъаларда, 151 мамлакатда кузатилаётган ушбу хавфли табиат ҳодисаси барқарор ривожланиш билан боғлиқ 17 мақсаддан 11 тасига эришишни хавф остига қўймоқда. Иқлим ўзгариши ва ўсимлик қоплами деградацияси чанг, қум бўрони хавф даражаси ошишига олиб келади ва муайян хатарни янада оширади. Салбий оқибат, айниқса, даромади тўғридан-тўғри табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигига боғлиқ, қурғоқчил ҳудудларда яшаётган фермерларга таъсир қилади.

Ўзбекистонда ҳам ер ва яйлов деградацияси, ёғингарчилик камайиши, чўлланиш кўпайиши, шунингдек, бошқа ички ва ташқи омиллар туфайли чанг ва қум бўрони тез-тез рўй бермоқда.

Чўлланишга қарши курашиш Конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси (CRIC-21) доирасида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) “Чанг ва қум бўронига қарши курашда кучни бирлаштириш: биргаликда глобал жавобга ҳисса қўшишимиз мумкин” тадбирини ташкил этди.

Йиғилиш турли мамлакатларнинг ушбу табиий ҳодисага қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатини намойиш этиш, миллий, минтақавий ва минтақалараро ҳаракатга таянган ҳолда, ушбу йўналишдаги глобал чораларни тарғиб қилиш бўйича фикр алмашиш мақсадида ўтказилди.

Тадбир давомида қишлоқ хўжалигида чанг ва қум бўронига қарши курашиш бўйича учта янги нашр тақдим этилди: “Қум ва чанг бўрони: юмшатиш, мослашиш, қишлоқ хўжалигида хатарни бошқариш сиёсати ва чораси бўйича қўлланма”, “Қум ва чанг бўронига тайёргарлик, чорвачилик жамоалари иштирокида фавқулодда вазиятни режалаштириш: Мўғулистон бўйича амалий тадқиқот” ҳисоботи ва “Эрон Ислом Республикасида қишлоқ хўжалигининг қум ва чанг бўронига чидамлилигини ошириш учун инвестиция ва ҳаракатни кучайтириш учун фавқулодда режалаштириш жараёни” қўлланмаси.

Анжуман аъзо мамлакатлар чанг ва қум бўронига қарши курашишдаги саъй-ҳаракати (БМТ коалицияси режаси ва ўсиш)ни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш тўғрисида хабардорликни оширишга ёрдам берди.

– Мамлакатлар ўртасида билим алмашишни қўллаб-қувватлаш орқали чанг ва қум бўрони олдини олиш ва юмшатиш амалиётини яхшилашимиз, шунингдек, ушбу ҳодисага қарши курашда сиёсат изчиллиги ва синергиясини таъминлашимиз мумкин, – деди ФАО техник мутахассиси Ферас Зиадат.
Эслатиб ўтамиз, CRIC-21 2023 йил 13-17 ноябрь кунлари Самарқандда 196 мамлакатдан  500 дан зиёд делегат иштирокида бўлиб ўтмоқда. Форум қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, аёлларнинг ерга ҳуқуқини тарғиб қилиш ҳамда чанг ва қум бўронига қарши курашиш, шунингдек, мамлакатлар қишлоқ хўжалиги ерларини тиклашда эришаётган ютуқларни муҳокама қилиш учун қулай майдондир.

CRIC-21 доирасида ФАО нейтрал ер деградациясига эришишга ҳисса қўшадиган ҳаракат тўғрисида маълумот бериш учун бир қатор қўшимча тадбирлар ҳам ташкил этади.

Б.Худойбердиев, ЎзА