Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ташкил этилганининг 85 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам иштирок этди.

Конференцияда Жогорку Кенеш аҳолининг турли қатламлари фикрларини билдириш учун миллий платформага айлангани таъкидланди. Тадбирда МДҲга аъзо давлатлар парламентлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, қирғиз халқини ва Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши депутатларини юбилей билан қутлади.

Сенат Раиси Танзила Норбоева икки мамлакат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ўзбек-қирғиз муносабатларини янги босқичга олиб чиққани, бу, ўз навбатида, парламентлараро алоқаларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Қирғиз Республикаси эришаётган ютуқларда мамлакат парламенти фаол роль ўйнаётганига эътибор қаратилди. Демократик тамойиллар асосида муҳим қонунларни самарали ишлаб чиқиб, қабул қилаётгани, очиқ жамият қуриш ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этаётгани, шунингдек, минтақа ва хорижий давлатлар билан фаол парламент дипломатиясини олиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

*** 

Ташриф доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар давлатларимиз раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасида барча соҳаларда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлатлараро муносабатларда сезиларли даражада кенгайиб бораётган парламентлараро алоқаларни амалий ҳаракатлар билан янада бойитиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасидаги парламентлараро комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан, комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва унинг доирасида икки давлат парламентлари ўртасида янги “Йўл харитаси”ни имзолаш таклифи илгари сурилди.

М.Ашимбаев Ўзбекистоннинг БРМга эришишдаги етакчилигини алоҳида таъкидлаб, мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси фаолиятини юқори баҳолади. Қозоғистон парламентида ҳам худди шундай комиссия фаолият бошлагани, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг тажрибаси муҳимлигини қайд этди.

Учрашув якунида дўст мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланиб бориши, бунда парламентлараро мулоқот янада фаол давом эттирилишига ишонч билдирилди.

 ***

Бишкек шаҳрида Сенат Раиси Танзила Норбоева Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан ҳам учрашди.

Ўзбекистон ва Беларусь етакчиларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва дўстона муҳитда ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот давомида президентларимиз томонидан олий даражада эришилган барча келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда парламентларимизнинг фаоллигини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Музокарада икки давлат ўртасида парламентлараро мулоқотни самарали давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳудудларни ривожлантириш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида бизнес алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланишига умид билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА