Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Қитъанинг 20 га яқин давлатидан 350 нафардан зиёд маҳоратли спортчилар иштирок этаётган чемпионатда мамлакатимиз шарафини 20 нафар ўсмирлар ҳамда 18 нафар ёшлар терма жамоаси аъзолари ҳимоя қилмоқда.
Кеча қитъа чемпионати олдидан ҳакамлар семинари ҳамда мусобақаларга қуръа ташлаш маросимлари ташкил этилди.
Айтиш лозим, мазкур биринчиликлар аслида Ливан давлатида ўтказилиши керак эди. Аммо ушбу мамлакатга туташ ҳудудларда сиёсий вазиятнинг беқарорлиги туфайли Осиё дзюдо федерацияси чемпионатни бошқа давлатда ташкил этиш қарорини қабул қилди ва Ўзбекистон тарихда илк марта дзюдо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати мезбонлигига эришди.
Чемпионат беллашувларида иштирок этиш учун шу кунларда юртимизда бўлиб турган Осиё дзюдо федерацияси президенти Обайд ал-Анзи куни кеча Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Комилов билан биргаликда пойтахтимизда бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”да олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнлари билан танишди.
Бевосита мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, 18 ноябрга қадар ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионлари аниқланса, 18-19 ноябрь кунлари ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиб ва совриндорлари сараланади.
Т. Рўзиев, ЎзА