Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсолидир. Улар орасида давлат байроғи алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонунда белгиланганидек, миллий байроғимиз давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат байроғимизнинг ўттиз икки йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда дунё мамлакатларида Ўзбекистон Республикаси, унинг давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясини яхши билишади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига танилишида мамлакатимизда спортнинг кўплаб турлари жадал ривожланаётгани, иқтидорли спортчилар авлоди етишиб чиқаётгани, уларнинг юксак муваффақиятлари муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, мамлакатни дунёга танитишда спортнинг аҳамияти беқиёс экани ўз исботини топган.
1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтган XII ёзги Осиё ўйинларида илк маротаба қатнашган спортчиларимизни хорижлик мухлису мутахассисларнинг кўпчилиги яхши танимас эди. Лекин нуфузли мусобақада қўлга киритилган кетма-кет ғалабалар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, футбол мусобақасида зафар қучган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Шуҳрат Мақсудовнинг финал ўйинидан сўнг давлатимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда жамоадошлари билан бирга майдон бўйлаб югургани стадионга келган минглаб мухлисларга ва ҳал қилувчи учрашувни телевизорда кўрган миллионлаб томошабинларга Ўзбекистон ва ўзбек халқини яқиндан танитди.
Бугун дунёнинг қайси мамлакатига бормайлик, қайси спорт мусобақасида қатнашмайлик, байроғу гербимизга қараб, Ўзбекистондан келганимизни, ўзбек эканимизни дарров билишади.
– Байроқ куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсолидир, – дейди Осиё ўйинларида икки маротаба шоҳсупага кўтарилган Зайнаб Дайбекова. – Шу боис давлатимиз байроғи биз, спортчилар учун муқаддас, уни доимо баланд тутиш учун курашамиз. Халқаро майдондаги ғалабаларимиз эвазига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграганида қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади, кўзимизда қувонч ёшлари қалқийди.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни янада оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида бугун бир қатор иқтидорли, руҳан ва маънан тетик, ҳар томонлама мукаммал спортчилар камол топмоқда.
Улардан бири қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Зайнаб Дайибековадир.
Зайнаб 2002 йилнинг 19 ноябрь куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида дунёга келган. Оиладаги соғлом турмуш тарзи, ҳудуддаги спорт турларига яратилаётган шароитлар уни ўн уч ёшида қиличбозлик томон чорлади ва у мазкур спорт турининг биринчи мураббийи Даурбек Жиeрмуратовдан ўргана бошлайди.
Туман, шаҳар биринчиликларида ўз маҳоратини оширган қиличбозимиз 2015 йилда Қорақалпоғистонда ўтказилган мусобақада иккинчи, Ўзбекистон чемпионатида эса учинчи ўринни эгаллади. Бу унинг мазкур спортдаги илк катта муваффақияти бўлди. 2016 йилдан Миллий терма жамоа таркибига қабул қилинди.
– Онам доимо мени барча оналардек ўз мақсадим йўлида юксак марраларни забт этишим ва юртимиз шарафини янада юксалтиришим кераклигини таъкидларди ва дуо қилар эди, – дейди Зайнаб. – Менинг спортчи бўлиб етишишимга ундаган фақатгина бир мақсад онамнинг дуоси ва орзусини амалга ошириш эди. Бироқ мусобақаларда ушбу мақсад билан биргаликда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш ва байроғимизни янада юксалтириш каби ҳиссиётлар қалбимни эгаллади.
Зайнаб 2016-2017 йилларда Ўзбекистон чемпионатида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритади. 2017 йили Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этиб, мамлакатимиз тарихида қиличбозлик бўйича илк бронза медалига эга чиқади. Унинг эришган ушбу ютуқлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Nexia-3″ русумли автомашина билан тақдирланади.
Қиличбозимиз учун 2018 йил ҳам ғалабаларга бой ўтди. Дастлаб январь ойида мамлакат чемпионати ва кубоги ғолибига айланади. Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ва Тошкент шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатининг жамоавий баҳсларида учинчи ўринни эгаллади. У ҳар бир ғалаба ҳамда мағлубиятидан хулоса чиқаради, ўз устида тинимсиз меҳнат қилади. 2019 йилги Осиё чемпионатида биринчи ўринга кўтарилади. Шунингдек, Жаҳон кубогида яккалик йўналишда олтин, жамоавий баҳсларда эса бронза медалига сазовор бўлди.
2021 йилда Зайнаб Дайибекова Токиода (Япония) ўтказилган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этди. Шу йили 30 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ёшлар куни” байрами муносабати билан Зайнабни “Шуҳрат” медали, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун “Жасорат” медали ҳамда 30 август куни эса Қоракалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи унвони билан тақдирлади.
– Президентимизнинг биз, спортчиларга билдираётган катта ишончи, мураббийларнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши муваффақиятларимизда асосий омил бўлмоқда, – деди З.Дайибекова. – Бу йил “Ханчжоу-2022″ ўйинлари очилиш маросимида давлатимиз байроғини дзюдочимиз Музаффар Тўрабоев билан бирга кўтариб, стадион узра айланганимизда қалбимда фахр ва ифтихор уйғонди ва албатта ушбу мусобақада олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини янада баланд парвоз эттираман деб орзу қилган эдим. Навбатдаги орзуим, Олимпия ўйинларининг олтин медалини мамлакатимизга олиб келиш ва насиб этса ушбу ўйинларда ҳам байроқдор бўлишдир.
Зайнаб Дайибекова учун 2023 йилги спорт мавсуми ҳам эсда қоларли бўлди. Турли халқаро мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида ўз маҳоратини янада оширган спортчимиз сентябрь ойида ўтказилган Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинлари байроқдорига айланади. У мазкур мусобақанинг сабля йўналишида муносиб иштирок этиб, яккалик баҳсларида бронза медали билан тақдирланди. Шунингдек, жамоавий баҳсларда олтин медални қўлга киритиб, тарихий натижа қайд этилишига ўз ҳиссасини қўшди.
Ҳа, мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлод вояга етаётган экан, уларнинг жаҳон майдонларидаги ғалабалари шарафига Ватанимиз байроғи доим баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграйверади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА