Қиличбозларимиз жаҳон кубогида иштирок этмоқда

293

БААнинг Фужайра шаҳрида қиличбозликнинг рапира йўналиши бўйича U20 ёш тоифасидаги жаҳон кубоги баҳсларида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари иштирок этмоқда.

Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Радмир Семенеев нимчорак финалда Хитой Тайпейи вакили По-Ҳан Ченни 15-7 ҳисобида таслим этган ҳолда 1/4 финал босқичига чиқди. Қиличбозимиз ушбу босқичда хитойлик Тианйи Жоу билан рақобатлашади.

Мазкур мусобақада афсуски, Азамат Муҳаммедов, Фозил Алимов, Улуғбек Усмонов, Илёс Маруфжонов ва Жамолиддин Маруфжонов каби вакилларимиз илк босқичларда мағлубиятга учради.

Эслатиб ўтамиз, 4-5 январь кунлари Колумбиянинг Богота шаҳрида сабля йўналиши бўйича жаҳон кубоги ўтказилади. Унда мамлакатимиз шарафини Муса Аймуратов, Алпамис Ўракбаев, Сардор Абдукаримбеков, Наргиза Жаксибаева, Аякўз Жумамуратова ҳамда Самира Шокирова яккалик ва жамоавий баҳсларда ҳимоя қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА