Профессионал бокс оламида мутлақ вазнда тўртта чемпионлик камарини бирлаштириши мумкин бўлган Александр Усик -Тайсон Фюри ўртасидаги жанг сўнгги йигирма йил ичида энг кутилган тўқнашув бўлиши мумкин. Агар у рўй берса, албатта.

Ўтмишга назар ташланса, 1999 йили Леннокс Люис ва Эвандер Холифилд ўртасидаги реванш жангидан сўнг тўртта камарни бирлаштирадиган “гигантлар жанги” ташкил этилмаган, ҳали ҳеч ким Люисдек профессионал боксда оғир вазнда жаҳон чемпиони мақомига кўтарилмаганди.

Катта ринг тарихи орадан 24 йил ўтиб янгиланиш остонасида турибди. Аммо миллионлаб бокс мухлислари орзиқиб кутган бу жанг бу йил эмас, кейинги йили ташкил этилса ҳам катта гап. Боиси, Усик-Фюри “дуэли” шу йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши мумкиндек эди. Бироқ улар ўртасида олдиндан келишувга эришилганига қарамай, маблағ миқдоридаги тафовутларнинг турфалиги, томонлардаги аниқликнинг йўқлиги учрашув рўй беришига тўсқинлик қилди.

Энди ушбу жанг келгуси йили бўлиб ўтади деб тахмин қилиш мумкин. Барча томонлар ушбу нуқтага эътибор қаратган, ҳар икки боксчи бир-бирига нисбатан ва бошқалар улар хусусида ўз қарашларини билдираётган бир фурсатда Александр Усик пойтахтимизда ўтаётган WВC конвенциясида омма олдида чиқиш қилиш чоғида Фюрини “севишини” билдириб ўтди.

«Яшил» ва «Олтин» белбоғларини мустаҳкам ушлаб туриш учун тиш-тирноғи билан курашишга бел боғлаган “Лўлилар қироли” номи билан танилган Тайсон Фюри Усик устидан ғалаба қозонишига қаттиқ ишонади.

Хўш, бу жанг борасида Ўзбек бокс мактабининг етакчиси Баҳодир Жалоловнинг фикри қандай?

Куни кеча пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида Жалолов 21 асрнинг энг муҳим профессионал бокс жанги бўлаиши кутилаётган Усик-Фюри қарама-қаршилиги ҳақида сўз юритиб, Усикнинг устунлигини, лекин боксда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини, тўқнашув натижасини бир зарба ҳал этишини айтиб ўтди.

Профессионал бокснинг энг оғир вазнидаги тўртта чемпионлик камарини бирлаштириш учун кураш бошланмасдан унинг теграсидаги фикрлар жанги авж олаётган бир паллада International Boxing News нашри Александр Усик-Тайсон Фюри ўртасидаги жанг санасини эълон қилди.

Хабарга кўра, “аср жанги” мақомидаги мазкур мусобақа келгуси йилнинг 17 февралида Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилиши белгиланган бўлиб, унинг расмий жиҳатлари ва  маблағларга яқин кунларда аниқлик киритилади.

Британиялик Тайсон Фюри ўз устунлигини намойиш этишга интилаётган, украиналик Александр Усик эса “Лўлилар қироли”дан барча унвон ва камарларни тортиб олишга ошиқаётган жанг айнан ушбу санада ўтадими-йўқ, буни  вақт кўрсатади.

Нима бўлганда ҳам,  бўлиши кутилаётган бу бокс кураши атрофидаги  гап-сўзлар ҳали-бери  тугамаслиги шубҳасиз.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА