Юртимизда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва турли зўравонликлардан асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Қуйи палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган лойиҳа бўйича масъул қўмита томонидан бир неча маротаба ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, сиёсий партиялар фракциялари аъзолари, ҳуқуқшунослар иштирокида ўтган навбатдаги йиғилишда ҳам қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилиб, уни янада такомиллаштириш ва маромига етказиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан Оила кодексининг 41-моддасига оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган эр ёки хотиннинг талабига кўра, суд томонидан ишни кўришда ярашиш учун муҳлат тайинланмасдан қарор чиқарилиши кўзда тутилган норма таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Уй-жой кодексига суд турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, қарздор (мулк эгаси бўлган эр ёки хотин)нинг ташаббусига асосан ушбу турар жойни муносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга алмаштириши ёки тарафларнинг келишувига асосан ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини қарздорга юклаш бўйича норма киритиляпти.
Қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокамаларда қонун лойиҳасини палатанинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига иккинчи ўқишга киритиш учун тайёрлаш бўйича таклифлар берилди.
М.Комилова, ЎзА