Маълумки, Осиё мамлакатларининг спорт жамоалари орзиқиб кутаётган муҳим комплекс спорт ўйинларидан бири ёшлар ўртасидаги “Тошкент-2025” Осиё ўйинлари саналади.
Юртимизда мазкур ўйинларни ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказиш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда 100 гектар майдонда “Олимпия шаҳарчаси”ни бунёд этиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётган бўлса, “Тошкент-2025” дастуридан ўрин оладиган спорт турлари масаласи нафақат мамлакатимизда, балки Осиё олимпия кенгаши тизимларида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Куни кеча Миллий Олимпия қўмитасида юртимизда фаолият кўрсатаётган спорт федерация ва ассоциациялари масъуллари иштирокида ўйинлар тизимидан ўрин оладиган спорт турларини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси раҳбари Ойбек Қосимов ва бошқа мутасаддилар иштирок этган йиғилишда бўлажак ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари, уларнинг йўналишларини атрофлича таҳлил қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокамалар давомида мутасаддилар ҳар бир спорт тури бўйича Осиё ўйинларида иштирок этадиган спортчиларнинг селекциясини кучайтириш ва уларни мусобақага пухта тайёрлаш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”да олиб борилаётган қурилиш ишлари қай ҳолатдалиги бўйича ҳисобот тингланди. Кўзда тутилган спорт турлари қайси объектларда ўтказилиши, уларнинг муддатлари кўриб чиқилди.
Билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида федерация масъулларига 3 кун муддат ичида ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган йўналишлар бўйича сўнгги таклифларни тақдим этиш вазифаси юкланди.
Т. Рўзиев, ЎзА