Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасида кейинги йилларда ўрнатилган очиқ ва ишончли мулоқотни мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, ўзаро манфаатли соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Маттео Мекаччи мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, жамиятни ислоҳ қилишда мамлакат парламентининг роли ортиб бораётганини қайд этди. У Бюро Ўзбекистонда парламентаризм ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Республика сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича қатор тавсиялар берди.

ДИИҲБ директори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегациясининг ЕХҲТ Парламентлараро ассамблеяси фаолиятида фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар яқин мулоқотни ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Н.Абдураимова, ЎзА