“CNN” хабар беришича, Гавайида кўлмак ажабтовур тусга кирган.

Тинч океани архипелаги – Гавайидаги Сандвич ороллари туркумидаги ҳовуз эртаксимон кўриниш олди. Энг йирик ороллардан бири бўлмиш Мауидаги туз ботқоғи – Кеалия ҳовузи октябрь ойидан буён оч пушти рангда. Бунга мамлакатда кузатилган ҳаддан ташқари қурғоқчилик даврида туз миқдори ошгани сабаб бўлган.

АҚШ Балиқ ва ёввойи табиат хизмати маълумотига кўра, Гавайи университетига юборилган сув намунаси кўлмак янги ранг олишига сабаб галобактериялар эканини исботламоқда. Галобактериялар бир ҳужайрали организм бўлиб, Буюк Тузли кўл ва Ўлик денгиз каби жуда шўр сувда ривожланади. Бу зараркунанда экстремофиль дейилади, чунки бундай экстремал муҳитда яшаш қобилияти денгиз сувидан икки баробар юқори шўр сувга чидамлилик билан боғлиқ.

Ҳовузнинг номи “Кеалия” сўзма-сўз таржима қилинганда “туз аралашмаси” маъносини англатса-да, Мауидаги беҳад қурғоқчилик туфайли ҳовуз шўри одатдагидан анча ортди. Америка қурғоқчилик мониторингига кўра, оролда ҳозир ҳам кучли қурғоқчилик авжида.

Ғарбий Мауи тоғларидан Кеалия ҳовузига сув олиб келадиган Вайкапу оқими ҳам ўта қурғоқчил ҳудуддан оқиб ўтади. Чучук сув кам келиши туз концентрациясини оширди ва ёрқин рангли галобактериялар учун қулай муҳит яратди.

Айни пайт олимлар иқлим инқирози Гавайига қандай таъсир қилишини ўрганишяпти, Умуман, глобал ҳарорат ошиши, ҳатто, тропик ҳудудларда ҳам қурғоқчиликни кучайтиради.