Жаҳон сифат куни (World Quality Day) Европа сифат ташкилоти (European Organization for Quality, EOQ) ташаббуси билан БМТ ҳомийлигида ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи пайшанбасида нишонланади.
1989 йилдан буён 80 дан ортиқ мамлакатда нишонлаб келинаётган сана бу йил 9 ноябрга тўғри келди.
2023 йил 6-10 ноябрь кунларига белгиланган Жаҳон сифат ҳафталиги “Сифат: рақобатбардошлик салоҳиятингизни амалга оширинг!”, шиори остида ўтмоқда. Ҳозирги даврда рақобатда устунликни сақлаб қолиш учун шунчаки амалиёт барқарорлигини ушлаб туриш етарли эмас. Мижоз талабини барқарор ва тежамли қондириш имконини берадиган сифатни ошириш усули ва тамойилини қўллаш ташкилотларга камчиликни тез ва самарали бартараф қилишда ёрдам бериши мумкин.
Сифатни таъминлаш етакчи мамлакатлар иқтисодиётида устувор аҳамият касб этади Зеро, бу масала нафақат инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, балки истеъмолчи истаги қондирилиши даражасига ҳам боғлиқ.
БМТнинг 2022 йил қабул қилган барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида кўзланган мақсадлар бўйича тайёрланган ҳисоботига кўра, назорат чоралари кўрилмаётгани сабабли, сайёрамизда камида уч миллиард киши сифати қандай сув истеъмол қилаётганини ҳам билмайди. Ҳаво сифати бўйича мониторинг, деярли, барча шаҳарларда йўлга қўйилган бўлса-да, дунё бўйича шаҳар аҳолисининг 99 фоизи ифлос ҳаводан нафас олади.
Бундан ташқари, маърузада давлат хизмати сифатини ошириш, сифатли статистик маълумот билан таъминлаш, барча учун сифатли таълим, глобал миқёсда соғлиқни муҳофаза қилиш бўйича сифатли хизмат зарурлиги таъкидланган.
С.Раҳимов, ЎзА