Кеча БАА Абу Даби шаҳрида “Жаҳон медиа конгресси-2023” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Амирликлар ахборот агентлиги (WAM) бош директори, ташкилий қўмита раиси Муҳаммад Жалол Ал-Раисий ташкилотчилар ОАВ таълими, конгрессда ёшлар иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
– 100 олий ўқув юрти талабаларини кутиб олишдан, уларни умумий медиа майдонини шакллантиришга ҳисса қўшишга тайёрлашдан мамнунмиз, – деди у. – Шунингдек, Инновацион кенгаш, Келажак медиа лабораторияси ёрдамида соҳа тараққиёти сари бирга қадам ташлаймиз, ОАВ ҳамда сунъий интеллект ўртасидаги муносабатни ўрганамиз.
Абу-Даби Миллий кўргазмалар компанияси (ADNEC) раҳбари Ҳумаид Матар Ад-Дхахирий таъкидлашича, иккинчи бор ўтказилаётган Жаҳон медиа конгресси фаолиятида рекорд даражадаги фаоллик кузатилмоқда.
Кўргазма компаниялари ва брендлари сони ўтган йилга нисбатан 33 фоиз кўпайиб, 257 тага етди.
Иштирокчи мамлакатлар рўйхатида 22 фоиз ўсиш кузатилди. Бу йил келадиган 172 давлатдан 31 таси анжуманда биринчи марта иштирок этади.
Кўргазманинг умумий майдони 78 фоиз кенгайиб, 32 минг квадрат/метрдан ошди.
Уч кун давом этадиган конгрессда 18 давлатдан медиа соҳаси етакчилари – 77 нафар эксперт маъруза қилади.
Инновация ва энг сўнгги технологиялар, спорт журналистикаси ҳамда медиани ривожлантиришда таълимнинг роли каби қатор долзарб мавзулар 36 та асосий сессияда муҳокама қилинади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА