Бугунги кунда юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратилиб, молиявий рағбатлантириш тизими яратилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Фармонга кўра, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалиётга жорий этилди.

– Дастурга асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги фуқаролар учун иш ўрни яратган тадбиркорларга қатор солиқ имтиёзлари берилди, – дейди Навоий вилояти солиқ бошқармаси Юридик шуъбаси бошлиғи Иномжон Тилавов. – Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар камида 1 йил давомида иш билан таъминланган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этган тадбиркорлар мол-мулк ҳамда ер солиғи бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғининг амалдаги солиқ ставкаси 50 фоизга, 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиганлар учун 75 фоизга камайтирилади, 200 тадан ортиқ иш ўрни яратадиганлар мазкур солиқларни тўлашдан озод этилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга барча солиқларни (қўшимча қиймат солиғи ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) таъминотсиз ва фоизсиз маълум муддатларга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди. Жумладан, 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорларга – 3 ой муддатда, 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорларга – 6 ой муддатда, 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорларга – 12 ой муддатда белгиланган солиқларни бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Энг муҳими, дастурга киритилган тадбиркорлар томонидан янги иш ўринлари яратилган тақдирда уларга нисбатан белгиланган тартибда солиқ текширувлари ўтказилмайди. Масалан, 51 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратадиган тадбиркорларда солиқ аудити ҳамда 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратадиган тадбиркорларда барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Эътиборлиси, мазкур дастурда камида икки йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаган тадбиркорлик субъектлари иштирок этиши мумкин.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 263 нафар юридик шахс мазкур дастурда иштирок этиб, уларга сертификатлар тақдим этилган. Асосийси, яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 5185 та янги иш ўрни яратилган.

– Ўз фаолиятини янада ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган 574 нафар аҳоли бандлигини таъминлаган 51 та тадбиркорлик субъекти кредит олиш истагини билдирган бўлиб, бугунги кунда уларга амалий кўмак кўрсатилмоқда, – дейди И.Тилавов. – Жумладан, маҳаллабай ўрганишлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи Кармана туманидаги “KAR-RIG TRANS” масъулияти чекланган жамиятига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш мақсадида музлаткич қуриш учун “Hamkorbank”нинг Навоий вилоят филиалидан 2 миллиард сўм кредит ажратиш масаласи ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, дастурга киритилган тадбиркорлар томонидан фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда, яъни бугунги кунда 980 минг сўм иш ҳақи ҳисобланганда, даромад солиғи иш берувчига қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири