Нукусда футбол бўйича Қорақалпоғистон чемпионати иккинчи лига жамоалари ўртасида ўттизинчи чемпионатнинг финал ўйини бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси футбол академияси ўйингоҳида бўлиб ўтган ҳал қилувчи ўйинда Хўжайли туманининг “Хўжа эли” ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоалари чемпионлик учун курашди.
Май ойида бошланган ушбу чемпионатда 23 та жамоа 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслар олиб борди. Ҳудудий босқич август ойида якунланиб, шундан 13 та жамоа кейинги босқичда иштирок этди. Гуруҳларда биринчи ўринни эгаллаган “Хўжа эли” ҳамда Нукус давлат педагогика институти жамоалари финалга йўлланма олди.
Учрашув тенг курашлар билан бошланди. Дастлаб институт жамоаси ҳужумчиси Сохбет Мурадов ҳисобни очди. Шундан кейин рақиб жамоа ўйинчиси Айбек Рўзимов ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида талабалар жамоаси ўйинчиси Бегзод Ибрагимов ҳисобни 2:1 га ўзгартирди.
Иккинчи бўлимда “Хўжа эли” жамоаси футболчилари ўз устунлигини намойиш этди. Якунда 5:2 ҳисобида ғалаба қозониб, Қорақалпоғистон чемпиони бўлди.
– Футболчиларимиз яхши ўйин намойиш этиши натижасида ғолиб бўлдик, – дейди “Хўжа эли” жамоаси сардори Аллаяр Реймов. – Бизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган туман ҳокимлиги раҳбариятига, ҳомий ташкилотларга ҳамда жонкуяр мухлисларимизга миннатдорчилик билдирамиз.
Ўйиндан сўнг футболчиларни тақдирлаш маросими бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев ва бошқалар сўзга чиқиб, футболчиларни қутлади. Жамоаларга диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари