Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тинтув, тергов ҳаракатлари давомида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди.
Фуқаро Б.К. ўз уйида қўлбола усулда тайёрланган қалбаки акциз маркали 888 дона, “Cobalt” русумли автотранспорт воситасида эса Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан елимланмаган хорижда ишлаб чиқарилган 114 дона алкоголь маҳсулотини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман бўлими томонидан Ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта қимматликлари ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Жумладан, валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Н.А. жами 269 минг Россия рублини фуқаро Н.М.дан 34,1 миллион сўмга сотиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири