Ҳозир Шимолий Кореяга нисбатан глобал миқёсда санкция кучайган. Натижада мамлакат иқтисодий ҳолати кескинлашган. Муаммога қарши туриш учун навбатдаги чора сифатида мамлакатнинг Испаниядаги элчихонаси фаолиятини чеклайди, деб ёзди Жанубий Кореянинг “Рёнхап” агентлиги.
Испания халқ коммунистик партияси сайтида маълум қилинишича, Пхеньян қиролликдаги элчихонасини ёпиб, муайян вазифани Италиядаги элчихона зиммасига юклайди.
Яқинда Шимолий Корея ва Африка оммавий ахборот воситалари КХДРнинг Ангола ва Угандадаги элчихонаси ёпилаётгани, элчилари ушбу давлат етакчилари ҳузурига “хайрлашув” ташрифини амалга оширгани ақида хабар тарқатди. Япония матбуоти эса Пхеньянда Гонконгдаги консулликни ёпиш режаси борлигини маълум қилди.
Жанубий Кореянинг икки давлатни бирлаштириш вазирлиги ҳам Пхеньяннинг бундай қадамига сўнгги пайт КХДРга қарши санкция кучайгани сабаб бўлаётганини билдирган. Корея Республикаси ҳукумати маълумотига кўра, октябрь ойигача 53 мамлакатда КХДР дипломатик миссияси фаолият кўрсатган. Ушбу муассасаларнинг 47 таси элчихона, учтаси консуллик, учтаси ваколатхона мақомига эга эди. Агар Ангола, Уганда, Испания ва Гонконгдаги элчихоналар ёпилса, бу рақам 49 тага қисқаради.