Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча йирик агентликлари раҳбарлари якшанба куни камдан-кам учрайдиган қўшма баёнот билан чиқдилар. Ушбу ҳужжат Ғазода оддий аҳоли қурбон бўлаётганидан кескин норозиликни акс эттирган ва масъуллар Исроил – ХАМАС уруши томонларини “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”га чақирган. Бу ҳақда “Arab News” нашри ёзди.
– Деярли бир ой давомида бутун дунё Исроил ва қамал қилинган Ғазо ҳудудидаги вазиятни ҳайрат ва даҳшат билан кузатмоқда, – дейди БМТ раҳбарлари. – Ракеталар оилаларни жароҳатлашда давом этмоқда, ўн минглаб одамлар уйини тарк этишга мажбур бўлди. Бу – даҳшат. Энг ёмони – Ғазода оддий аҳоли ўлдирилиши, 2,2 миллион фаластинликнинг озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр энергияси ва ёнилғидан маҳрум бўлиши.
Баёнотни Бош котиб ўринбосари Мартин Гриффитс, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар (OHCHR) Фолькер Тюрк, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) директори Эми Поуп, Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кетрин Рассел, ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ва бошқалар имзолаган.
– Томонларни халқаро инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқи бўйича мажбуриятини бажаришга чақирамиз, – дейилади баёнотда. – Гаровга олинган барчани тезда ва сўзсиз озод этишга чақирувимизни такрорлаймиз. Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш керак. Етарли!