Япония ахборот агентлиги – “Kyodo News” хабар беришича, куни кеча 360 нафардан зиёд хорижий паспорт эгалари Ғазо секторидан Мисрга эвакуация қилинган.

Кунчиқар юрт ташқи ишлар вазири Ёко Камикава Токиода ХАМАС бошқарувидаги, Исроил қамалидаги Фаластин анклавини тарк этишдан умидвор 10 нафар япон фуқаросининг саккиз нафари оила аъзоси Мисрга қуруқлик орқали етиб келганини айтди.

Миср давлат матбуоти хабарларига кўра, 361 чет эл паспорти эгаси ва 46 нафар ярадор Ғазодан Рафоҳ ўтиш жойи орқали Мисрга кетган. ХАМАСнинг 7 октябрдаги кутилмаган ҳужумидан буён ҳудуддан биринчи кенг кўламли эвакуация чораси кўрилди.

Эвакуация қилинганлар рўйхатида, жумладан, БМТ ва “Чегара билмас шифокорлар” халқаро ёрдам гуруҳи ходимлари ҳам бор.

Ғазо ҳукумати жанубдаги ўтиш жойи ҳам жума куни очилишини айтди. ОАВ хабарига кўра, 500 га яқин хорижлик фуқаро ҳудудни тарк этиш учун
рухсат олган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА