Хитой глобал етакчиликка даъвогарлик доирасида яна бир бўшлиқни фаол равишда ўргана бошлади. Яқин келажакда бу давлат одамсимон робот ишлаб чиқаришга тайёрланмоқда. Илк намуна 2025 йил пайдо бўлади. Ушбу маълумотни ХХР Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги режаси тасдиқлайди.
“Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, Хитой ҳукумати робототехника соҳасида фаолият юритувчи ёш компанияларни ривожлантириш, ушбу соҳада саноат стандартини белгилаш, кадрлар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида.
Ҳукумат режаси эълон қилингач, робототехника компаниялари акцияси дарҳол қимматлашди. Дарвоқе, миқдор нуқтаи назаридан дунёдаги биринчи электроника ишлаб чиқарувчи сифатида, келгуси икки йил ичида Хитой энг илғор технология, жумладан, замонавий сенсор, ҳаракатни бошқариш механизми, машина ва одам ўртасидаги ўзаро таъсир модели яратишга эришиши кутиляпти.
Ҳукумат робототехника соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишни рағбатлантирмоқда, илғор аъзолар – юқори ҳаракатчан қўл ва оёқлар кашф этишга қаратилган янги тадқиқот ўтказишга чақирмоқда.
Хитойда 2027 йилгача инсонсимон робот “ўйлаш”, ўрганиш ва “инновация”ни намойиш этиш имконига эга бўлиши эҳтимоли кучли. Бундай қурилмалар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам таъминот занжири шакллантирилади. Мутахассислар бундай робот озиқ-овқат харид қилишдан тортиб, рақобат муҳитида ишлашгача одамларга ишониб топширилган вазифани тобора кўпроқ бажара олишини тахмин қилишмоқда.
Кўплаб Aмерика компаниялари аллақачон ишлайдиган прототипни тақдим этишган. Масалан, “Tesla Optimus” модели ишлаб чиқиляпти. “Boston Dynamics” эса аллақачон жуда мураккаб ҳаракатга қодир “Atlas” модели устида ишлаяпти. Компания уч йил аввал “Hyundai Motor Group” томонидан 1,1 миллиард долларга қабул қилинган эди. Жорий йил яна бир америкалик стартап – “Figure” инсон шаклидаги робот яратиш учун 70 миллион доллар сарфлади.
Г.Сатторова, ЎзА