БМТ Фаластин – Исроил низоси бўйича резолюцияни келишиб олди, бироқ Хавфсизлик Кенгашида эмас, балки Бош ассамблеяда. Афсуски, БА қарорини бажариш мажбурий эмас, чунки бундай ҳужжат тавсиявий кучга эга, холос.
Шунга қарамай, ҳозирги шароитда шунинг ўзи ҳам дунёда ҳукмронлик қилаётган ҳоҳиш-ирода, кайфиятнинг яққол намунаси сифатидан катта ютуқ, дейди экспертлар.
Яқинда “РИА Новости” айни мавзуда эълон қилган мақолада, жумладан, шундай дейилади:
1997 йил Бош Ассамблеянинг 26 йиллик тарихида илк бор Фаластин – Исроил келишувига бағишланган фавқулодда сессия чақирилган, бироқ ўшанда ҳеч нимага келишиб бўлмаган. Фақат кўпчилик давлат талаби билан сессияни исталган вақтда қайта давом эттириш бўйича қарорга келинган. Сўнгги сессия 2018 йил бўлиб ўтган эди.
Хавфсизлик Кенгашидаги қарама-қаршиликлар
Хуллас, муаммони БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳал қилишга уриниб кўрилди, аммо вето ҳуқуқига эга доимий аъзолар манфаати тўқнаш келиши сабаб, масала очиқлигича қолмоқда.
Тортишув, вазиятга нисбатан қараш бир-бирига зид келиши туфайли томонларни бирдек қониқтирадиган резолюция вариантини топиб бўлмаяпти. Икки ҳафта ичида тўртта резолюция рад этилиши ушбу фикрни исботлайди.
Америка билан Бразилиянинг биттадан, Россиянинг эса иккита резолюцияси тасдиқдан ўтмади. Томонлар ҳужжатда акс этган бандлар бўйича келиша олмаяптилар. Масалан, Қўшма Штатлар илгари сурган версияда Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи таъкидланади. Россия шакллантирган версияда эса икки томонлама ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган.
Бундан ташқари Москва Тель-Авивни “оддий аҳоли ва БМТ ходимлари Ғазонинг Вади шимолидаги барча ҳудудларни тарк этиб, жанубга кўчиб ўтиши ҳақидаги буйруқни” бекор қилишга чақирди. Вашингтон эса бунга рози бўлмади. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд Россияни ушбу ҳужжат версиясига рози бўлмагани учун қоралади. Унинг россиялик ҳамкасби Василий Небензя эса, ўз навбатида, Америка лойиҳасини «Хавфсизлик Кенгаши аъзоларидан бирининг геосиёсий манфаатига хизмат қилади” ва кескинликни пасайтиришга ёрдам бермайди, дея таърифлади. Шунингдек, Москва Бразилия лойиҳасига бир неча тузатиш киритишни таклиф қилди, аммо бу ташаббус ҳам қўллаб-қувватланмади. Қўшма Штатларга ҳужжатнинг ушбу версиясида Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги банд йўқлиги яна ёқмади. Натижада Бош ассамблея президенти Деннис Френсис бир қатор делегациялардан Яқин Шарқ бўйича ўнинчи фавқулодда сессияни қайта тиклаш сўралган хатни қабул қилиб олди.
АҚШ яккаланиб қолдими?
Араб мамлакатлари гуруҳи номидан бошқа давлатлар, жумладан Россия билан ҳаммуаллифликда тайёрланган Навбатдаги резолюция лойиҳасини Иордания таклиф қилди.
Ҳужжатдаги асосий чақириқ “зудлик билан, узоқ муддатли ва узлуксиз сулҳ тузиш, шундан сўнг жанговар ҳаракат тўхтатилиши” (АҚШ таклиф қилганидек, “гуманитар пауза” эмас) ва Ғазодаги оддий аҳолини ҳимоя қилишга қаратилган.
Резолюцияни 120 давлат маъқуллаб, 14 давлат қарши фикр билдирди, 45 давлат бетараф қолди.
“Бу қандайдир миллий позициянинг ғалабаси эмас, балки соғлом фикр, адолат ва инсонпарварлик мулоҳазаси ғалабаси”, – дея изоҳ берди Василий Небензя овоз бериш натижасига тўхталар экан.
Канада ХАМАС ҳужумини қоралаб, гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишни талаб этувчи тузатиш киритди, аммо бу банд маъқулланмади. Натижада Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан резолюцияни шармандалик, деб атади. Ҳужжатнинг унга маъқул келмагани сабаби ХАМАС ҳужум қилгани эслатилмагани билан боғлиқ. Линда Томас-Гринфильд фикрича, бу “шафқатсизликни ҳимоя қиладиган” ёмон ниятли камчиликдир”.
“The Guardian” нашри дипломатик муҳаррири Патрик Вентур вазиятга “америкаликларни умидсизликка юзлантирган натижа, дея таъриф берди. “АҚШ яккаланиб қолди: фақат 12 мамлакат Вашингтон ва Исроилга қўшилди”, — деди у.
Ҳатто, Вашингтоннинг энг ишончли иттифоқчилари – Канада, Австралия, Германия, Япония каби давлатлар ҳам қарши овоз беришдан бош тортиб, жараёндан ўзини тийган.
Энди Бош ассамблея нима қила олади?
Юқорида Бош ассамблея қарори мажбурий эмаслиги, асосан тавсия вазифасини бажариши айтиб ўтилган эди. Бинобарин, тинчликни сақлаш БМТнинг асосий вазифаси эканини ҳам унутмайлик. Айни вазиятда БА Хавфсизлик Кенгашига таъсир ўтказишга қодир. ХК доимий аъзолари Фаластин – Исроил зиддиятини ҳал қила олмаслиги билан боғлиқ муаммо кеча юзага келмаган. 1950 йил 3 ноябрь куни БА бу борада 377 (В) қарорини қабул қилган.
“Агар Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолар ўртасидаги келишмовчилик туфайли халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича асосий вазифасини мунтазам бажара олмаса, БА масалани зудлик билан кўриб чиқади. Ташкилот аъзоларига жамоавий чора-тадбир қабул қилиш, зарур бўлганда халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёки тиклаш учун қуролли кучлардан фойдаланиш бўйича зарур тавсия беришни кўзда тутади.
Масалан, 1956 йил Сувайш инқирози даврида Франция ва Буюк Британия Хавфсизлик Кенгашига Мисрдан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги резолюцияни тўхтатган эди. Бош Ассамблеянинг фавқулодда сессияси ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш ва Сувайш каналини очишни талаб қилди. Минтақага халқаро контингент жўнатилди. Бу БМТ тинчликпарвар кучлари биринчи миссияси эди. Ўтган йил Лихтенштейн резолюцияси, деб аталган ҳужат қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, ХКда вето ҳуқуқидан фойдаланган мамлакат Бош Ассамблеяга тушунтириш учун чақирилиши мумкин.
Хуллас, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгач, қийин вазиятларда БМТнинг кутишга вақти йўқ. Ассамблея сессиясини давом эттириш осонроқ. Қўшма Штатлар тутган позицияга ва Исроилнинг очиқ қаршилигига қараганда, 1956 йилдаги вазият такрорланмайди.
С.Раҳимов, ЎзА