Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан мунтазам равишда ўқув семинарлари, учрашувлар ўтказилиб, унда амалга оширилаётган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинади.

Навбатдаги учрашув ҳудудлардаги сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибият мудирлари иштирокида бўлиб ўтди.

Онлайн шаклда ўтказилган мазкур учрашувда Сенат Раиси Танзила Норбоева жойларда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудлар манфаатига доир муҳим қарорлар қабул қилиш, назорат воситаларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Маҳаллий кенгашлар томонидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган дастурлар, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлган лойиҳалар ижросини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Бу борада депутатлар жойлардаги аҳоли муаммоларини ҳал этишда ташаббус кўрсатиши, муаммолар ечимини қабул қилинадиган қарорларда акс эттириб, уларнинг ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини амалга ошириши зарур.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида маҳаллий кенгашларни халқнинг чинакам “овозига” айлантириш ва уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига доир қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш, маҳаллий кенгашларнинг ўзига хос бўлмаган функцияларини бекор қилиш, фаолиятни рақамлаштириш масалалари бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Қайд этиш лозимки, жорий йил 22 сентябрда маҳаллий кенгашлар фаолиятини замон талабларига мос ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлис Сенатида Ҳудудий вакиллик органларини ўрганиш маркази ташкил этилди.

Мазкур марказнинг ташкил этилиши маҳаллий кенгашларга ҳуқуқий, услубий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашиш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Бу борада марказнинг маҳаллий кенгашлар билан ўзаро самарали фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги асосий вазифалари белгиланган.

Тадбирда маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам аҳоли билан мунтазам мулоқот қилишда, ислоҳотларнинг жойларда муваффақиятли боришини таъминлашда вакиллик органларининг роли ва вазифалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА