Парижда 1835 йил ташкил этилган ахборот агентлиги – “AFP” хабар беришича, Президент Эммануэль Макрон “Француз тилига эҳтиром” монументининг очилиш маросимида иштирок этди. Объект музей, кутубхона, кўргазма зали ва мажлислар залидан иборат Француз тили маркази олдида қад ростлади.

Одатда Франция Президентлари маданият соҳасига оид “буюк лойиҳа яратиш”ни хуш кўрадилар. Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ етакчи Франсуа Миттеран айтганидек, раҳбарлар ўз номини тарихда “қолдириш” имконига эга. Масалан, Миттеран Лувр музейини шиша пирамида билан ўзгартирган, Миллий кутубхона барпо этган. Жорж Помпиду Париж марказида замонавий Санъат музейи қурдирган. Сена дарёси соҳилидаги Жаҳон маданияти музейи  эса Жак Ширакдан эсдалик.

Бундай лойиҳалар ҳозир урфдан қолаётган бўлса-да, 2017 йил президентликка номзодлик пайтидаёқ Виллер-Котре шаҳарчасидаги вайрона-черковни кўз остига олган Макрон 1539 йил қирол Франсуа I томонидан таъмирланган Уйғониш даври қасри реконструкциясига бош-қош бўлиб, бинони Француз тили халқаро марказига айлантирилишига сабабчи бўлди. У марказ қошидаги сунъий интеллектли механизм билан жиҳозланган йирик кутубхона, интерактив кўргазма, турли ўйин ва маданий тадбирлар йилига ўртача 200 000 нафар мижозни жалб қилишидан умидвор.

– Дунё бўйлаб француз тилида ишлайдиган, ижод қиладиганларнинг бари Виллер-Котре шаҳарчасида ўзини уйидагидек ҳис қилиши керак, – дейилади Елисей саройи баёнотида.

Маданият вазири Рима Абдул Малак “AFP” мухбирига айтишича, бу маскан “франкофония оламининг юраги”га айланади. Қалъа эса “француз тарихи ва меъморчилигининг юксак намунаси”.

Француз тили маркази учун “Уч мушкетёр” ва “Граф Монте-Кристо” асарлари муаллифи Александр Дюма туғилган шаҳар – Виллер-Котре муносиб танлов. Париждан 80 километр масофада жойлашган 10 минг кишилик кичик шаҳарча мамлакат шимоли-шарқида жойлашган.

– Дунёда ўз ўрнига эга француз тили ривожи учун ташкил этилган муассаса миллат бойлигини асрайдиган маскандир, – дея хулоса қилинган баёнотда.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА